Иброҳим ибн Адҳам Басрада эканликларида у кишини одамлар қуршаб олишиб: “Нимага биз дуо қилсак ижобат бўлмаяпти? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди...»[1], дейишди.
Иброҳим ибн Адҳам жавоб бериб айтдилар: “Эй Басра аҳли, ўн нарса сабабли қалбларингиз ўлиб бўлган бўлса, қандай қилиб дуоларингиз ижобат бўлсин?!
1. Аллоҳни таниб туриб, Унинг ҳаққини адо қилмайсиз.
2. Қуръонни ўқиб туриб, унга амал қилмайсиз.
3. Расулуллоҳнинг муҳаббатларига даъвогар бўла туриб, у зотнинг суннатларини ташлаб қўясиз.
4. Шайтоннинг душманлигини айтасиз-у, ўзинигиз унга итоат қиласиз.
5. Жаннатга киришга даъвогарсиз-у, бунинг учун амал қилмайсиз.
6. Жаҳаннамдан қутулиш даъвосида бўла туриб, ўзингизни унга улоқтирасиз.
7. Ўлим ҳақ деб туриб, унга тайёргарлик кўрмайсиз.
8. Ўзингизнинг камчиликларингиз қолиб, бошқаларнинг айблари билан оворасиз.
9. Ўликларни кўмасизлар-у, ундан ибрат олмайсиз.
10. Аллоҳнинг неъматларини еб, шукр қилмайсиз”.
Дуоларимиз ижобат бўлишини хоҳласак, ушбу ўн нарса борасида нафсимизни тергаб, ҳисоб-китоб қилишимиз даркор экан.
Қалбингиз қалбларнинг қай бир тоифасидан?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қалблар тўрт турлидир: (Биринчиси) Нур таратадиган чироғи бор соф қалб. (Иккинчиси) Ғилофли қулфланган қалб. (Учинчиси) Тескари қалб. (Тўртинчиси) Икки томонли қалб. Соф қалбга келсак, у мўминнинг қалби бўлиб, унинг чироғи нуридир. Ғилофли қалб эса кофирнинг қалбидир. Тескари қалб мунофиқнинг қалби бўлиб, у таниб, сўнг инкор қилган қалбдир. Икки томонли қалб эса ўзида иймон ва мунофиқликни жамлаган қалбдир. Ундаги иймон покиза сув билан ўсадиган ўсимликка ўхшайди. Ундаги мунофиқлик эса қон ва йиринг билан катталашадиган ярага ўхшайди. Қайси бири кўп бўлса, шуниси устун келади”[2].
Мустафо Содиқ Рофиий раҳматуллоҳи алайҳ: “Энг катта хато – атрофингни тартибга солиб, қалбингни назоратсиз ташлаб қўйишингдир”, деганлар.
[1] Ғофир сураси, 60-оят.
[2] Ибн Касир ривояти, Исноди жаййид ҳасан.
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД