Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жаноза намози тик турган ҳолда, қуйидаги тартибда ўқилади:
1. Ният қилинади (Ният қилдим 4 такбирли жаноза намозини имомга иқтидо қилиб ўқимоқликка, қиблам бўлмиш муқаддас Каъба томон юзландим, холис Аллоҳ учун);
2. Фақат биринчи такбирдагина қулоқ қоқилади (Аллоҳу акбар);
3. Сано ўқилади:
“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук” (Аллоҳим! Сенга ҳамд айтган ҳолда Сени поклаб ёд этаман. Исминг муборакдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ).
4. Иккинчи бор такбир айтилади (Аллоҳу акбар);
5. Набий алайҳиссаломга салавот айтилади:
“Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад. Кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала аали Иброҳийм. Иннака ҳамидум мажийд.
Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад. Кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала аали Иброҳийм. Иннака ҳамидум мажийд” (Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига салавот йўллаганингдек, Муҳаммад ва унинг оиласига салавот йўллагин! Албатта, Сен Ҳамийд (барча мақтовлар ила мақталган), Мажийд (шон-шарафи ва қадри баландлиги чексиз) Зотсан. Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига баракот берганингдек, Муҳаммад ва унинг оиласига баракот бергин!).
6. Учинчи бор такбир айтилади (Аллоҳу акбар)
7. Дуо ўқилади:
“Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман” (Аллоҳим тиригимизни ва ўлигимизни, ҳозиримизни ва ғойибимизни, кичигимизни ва каттамизни, эркагимизни ва аёлимизни мағфират қилгин. Аллоҳим! Биздан кимни яшатсанг, Исломда яшатгин. Биздан кимни вафот эттирсанг, иймонда вафот эттиргин).
8. Тўртинчи марта такбир айтилади (Аллоҳу акбар);
9. Икки тарафга салом берилади (Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ);
Жаноза намозида қироат ҳам, ташаҳҳуд ҳам бўлмайди. Имом салом бергунича кутиб турилади ва у билан бирга салом берилади.
Икки ҳарамда жума намози ўқилиш тартиби:
4 ракат суннат;
2 ракат фарз;
4 ракат суннат.
Икки ҳарамда жума куни 2 азон ва 1 такбир айтилади:
Биринчи азон – бугун жума куни экани ва жума намози ҳақида эслатма учун чақириқ.
Иккинчи азон – жума намози азони. Азон айтилиши билан имом хутба ўқишни бошлайди.
Такбир – жума намози ўқиш учун айтилади. 2 ракат фарз намози ўқилади.
Икки ҳарамда жума кунги фарздан олдинги ва фарз намозидан кейинги 4 ракатдан ўқиладиган суннат намозларини 2 ракатли фарз намозидан кейин 4 ракатдан 8 ракат қилиб ўқиб олинади. Шу тартибда жума намози адо этилади.
Моҳира БАҲОДИР
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази