Жорий йилнинг 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида "Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик" халқаро форуми ҳамда "Боқий шаҳар" мажмуаси марказида "Самарқанд шаҳри – 2025 йил Ислом дунёси маданият пойтахти" тадбирлари бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг 20 дан ортиқ ICESCO ташкилотига аъзо давлатларидан вакиллар иштирок этди.
Ушбу нуфузли тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов ҳамда диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашди.
Форум доирасида ICESCO бош директори Салом Бин Муҳаммад Ал Малик томонидан "Ислом дунёси маданий пойтахти"нинг рамзий байроғи ҳамда статуэткаси тантанали топширилди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
1 июнь куни Жидда шаҳрида бутун дунёдан келган ҳаж тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул идоралар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирок этди.
Мулоқотда йилдан-йилга ҳаж мавсумида Аллоҳ таолонинг меҳмонларига муносиб хизмат қилиш такомиллашиб бораётгани, инновацион лойиҳалар амалиётга жорий этилаётгани, зиёратчиларнинг саломатликларини сақлаш, транспорт хизмати кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш ва тоату ибодатларни тартибли ташкил этишда яхши натижаларга эришилганини алоҳида қайд этилди.
Ҳаж ва умра вазири йиғилиш иштирокчиларидан яқинлашаётган ҳаж кунларида зиёратчилар белгиланган тартибларга риоя этишларини таъминлаш, айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш кабиларда ҳамкорлик қилишни сўради.
Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазири, турли мамлакатлардан келган мўътабар уламолар, мартабали вазирлар, фазилатли муфтийлар, жумладан, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Покистоннинг Дорул улум Карачи Ислом университети профессори Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний, Афғонистон Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Нур Муҳаммад Сақиб билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Йиғилиш якунида иштирокчилар Ҳаж ва умра соҳасидаги илмий ва амалий ҳамкорликни кучайтириш, зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва бу борада ўзаро тажриба алмашишни янада такомиллаштиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати