Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар.
(Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен касалимдан шикоят қилиб: «Аллоҳим, агар ажалим яқинлашган бўлса, мени роҳатлантир, агар ажалимни кечиктирган бўлсанг, мендан касалликни кўтар. Агар бало келтирган бўлсанг, менга сабр бер», деб айтаётганимда, ногаҳон олдимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Ва: «Нима дединг?» деб сўрадилар. Мен айтганларимни такрорладим. У зот оёқлари билан мени туртиб: «(Йўқ,)
اللهُمَّ عَافِهِ أَوْ اشْفِهِ
«Аллоҳумма ъафиҳи» ёки «Аллоҳумма ишфиҳи» (Аллоҳим, офиятда қил ёки шифо бер), деб айт», дедилар. Мен ана шу кундан кейин касалликдан шикоят қилмадим» (Имом Термизий ривояти).