“Арафот” сўзи луғатда – “билиш, таниш” маъноларини билдиради.
Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.
Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.
Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.
Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 93 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.
Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.
Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.
Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.