Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447

Кийим ўғирлаган тош

13.06.2025   12563   1 min.
Кийим ўғирлаган тош

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:

"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.

Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.

У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.

Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.

Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."

Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).

Бошқа мақолалар

Бу ҳадисни Расулуллоҳ ﷺдан эшитганмисиз?

30.06.2025   4841   1 min.
Бу ҳадисни Расулуллоҳ ﷺдан эшитганмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борди ва: «Тишнинг қасоси тиш бўлади, шунинг учун қасос олиб беринг», деди.


Ҳазрати Муовия: «Тўғри, сенинг ҳаққинг бор, лекин нима фойда? Сенинг тишинг-ку синиб бўлди. Уникини ҳам синдирайликми? Унинг ўрнига тишингнинг хунини ол, хун эвазига муроса қил», дедилар.

У киши: «Мен айнан ўша тишини синдириб қасос оламан», деди. Муовия розияллоҳу анҳу унга яна қайта тушунтирдилар. Лекин у кўнмади. Ҳазрати Муовия кейин: «Ундоқ бўлса юр, унинг ҳам тишини синдирамиз», дедилар.


Йўлда машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. У зот шундай дедилар: «Биродар! Қара, сен-ку қасос оляпсан. Лекин бу гапни ҳам эшитиб кет. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бировга азият етказса ва азият етган кимса уни кечириб юборса, Аллоҳ таоло уни афвга энг кўп муҳтож бўладиган кунда (яъни охиратда) афв қилади», деганларини эшитганман».

Боягина ғазабга миниб, хун ҳақи олишга ҳеч рози бўлмай турган одам ушбу ҳадисни эшитгач: «Сиз бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» деб сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман, менинг мана шу қулоқларим эшитган», дедилар.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан