Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».
Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.
Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.
Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».
Муслим ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».
Икки Шайх ривоят қилган.
Изоҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.
Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.