Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилувчи имом орқасида хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда қироат қилмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир», деб айтганлар.
Мана шунга саҳобаи киромлар ҳам ижмоъ қилишган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Имом Муслим ривояти.
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф розиялоҳу анҳумлар наздида: Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши макруҳ бўлади, бундан мурод макруҳи таҳримийдир.
Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: «Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Шундай экан имомга эргашувчи ҳар бир намозхон имомга иқтидо қилиб эргашдими, имомни қироатини эшитиши ва сукут сақлаб жим туриши керак бўлади. Шунда адо этиладиган ибодатлар мукаммал, бехато бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг масаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида муқтадий жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.
Абдуғаффор Нишонов,
Поп тумани "Сой" жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан маърифий тадбир ўтказилди. Унда матбуот, телевидение, радио, интернет сайтлари вакиллари, блогерлар иштирок этди. Шунингдек, Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари Матбуот хизмати ходимлари Zoom дастури орқали масофадан туриб қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз Раҳбари матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари баробарида уларга юксак эътибор қаратиб келаётганлари қувонарли ҳол албатта.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков журналистларга Муфтий ҳазратларининг табрикларини етказиш баробарида халқимиз манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти таҳсинга лойиқ эканини билдириб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали Ижодий бирлашмаси Бош директори Мадамин Сафаров сўзга чиқиб, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда ижод аҳлининг ўрнини алоҳида қайд этишди. Хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан қилинаётган ҳамкорликлар туфайли телерадио ва матбуотдаги чиқишлар салмоғи йил сайин ортиб бораётганини таъкидлашди.
Байрам тадбири якунида ўттиздан зиёд ҳамкор ОАВ вакилларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаккурномалари ва эсдалик ҳадялар тақдим этилди.
Фурсатдан фойдаланиб Muslim.uz жамоаси барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан табриклаб қолади!
ФОТОЛАВҲАЛАР
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ (http://muslim.uz/) GA OBUNA BO'LING (https://t.me/+PSOPDevNs2Va-wt7) VA ULASHING (https://telegram.me/share/url?url=https://t.me/muslimuzportal)
YouTube (https://www.youtube.com/@Muslimuzz/featured) | Instagram (https://www.instagram.com/muslimuzportali/) | Facebook (https://www.facebook.com/muslimuzportal)
#xabar #27_iyun #matbuot #axborot