Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.
Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.
Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.