"Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир" (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин" (Имом Ҳоким ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Қиёмат куни бир жарчи, одамларни афв қилганлар қани? "Роббингиз ҳузурига мукофотингизни олгани келинг", деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир", деганлар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига «сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, ортиқча юкнинг ҳаққини адо этинг ва кейин сафар қилинг», дея кўрсатма берар эдилар.
Бир куни у киши сафар қилиш учун вокзалга етиб келдилар. Поезд келишига яқин қолган эди. Ҳазрат юкларини олиб, юклар тортиладиган жойга етиб келдилар ва навбатга турдилар. Тасодифан поездда бирга кетадиган кондуктор у ерга келди ва ҳазратни таниб қолди. Дарҳол: «Ҳазрат, сиз бу ерда нега турибсиз?» деб сўради.
Ҳазрат: «Юкимни торттириш учун келганман», дедилар.
Кондуктор: «Сизга юкингизни торттиришга зарурат йўқ. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мен сиз билан бирга поездда кетаман. Ортиқча юк учун ҳақ тўлашингиз шарт эмас», деди.
Ҳазрат: «Сиз мен билан бирга қаергача борасиз?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «Фалон бекатгача бораман», деди.
Ҳазрат: «Кейин у ёғига нима бўлади?» деб сўрадилар. Кондуктор: «У бекатда бошқа кондуктор келади. Мен унга бу ҳазратнинг юклари, деб айтиб қўяман», деди.
Ҳазрат: «У кондуктор мен билан бирга қаергача боради?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «У узоққа кетади. Ундан анча олдин сизнинг бекатингиз келади», деди.
Ҳазрат: «Йўқ, мен анча узоққа кетаман, охират тарафга кетаман, қабримга кетаман. Қайси кондуктор мен билан бирга кетади?» дедилар. Кейин: «Охиратда мендан бир давлатга оид поездда юкнинг ҳаққини адо қилмай қилган сафаринг ва ўғирлигинг ҳисобини бер деган талаб бўлса, у ерда қайси кондуктор менга ёрдам бера олади?!» дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан