Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июл, 2025   |   14 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
09 Июл, 2025, 14 Муҳаррам, 1447

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   7120   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Косонсойда "Ҳаж – 2025" зиёратчилари фаолият бошлади

08.07.2025   1544   1 min.
Косонсойда

7 июль куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов раҳбарлигида вакиллик ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ва “Ҳаж – 2025” зиёратчиларидан тузилган ишчи гуруҳ Косонсой туманида фаолият бошлади.

Учрашув “Аълохон Махдум“ жоме масжидида бўлиб ўтди.


Йиғилишда туманлар бош имом-хатиблари, вакиллик ходимлари ва маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар иштирок этди. Косонсой туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, қуйидаги 3 та йўналиш белгилаб берилди: 
 

  1. Зиёратчиларни маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
  2. Масжид бошқаруви бўйича имом-хатибларга маслаҳат ва кўмак бериш;
  3. Пешин намозида долзарб мавзуда маъруза қилиш амалиётини жорий этиш.
     

Ишчи гуруҳ маҳаллалардаги бир неча хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли ҳолидан хабар олди. Ёшлар билан суҳбатлар ўтказилди, таклиф ва мулоҳазалар тингланди, кексалардан дуо олинди.


Лойиҳа доирасидаги фаолият Наманган вилоятининг бошқа туманларида ҳам давом эттирилади. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Косонсойда Косонсойда Косонсойда Косонсойда
Ўзбекистон янгиликлари