Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун мазҳаб аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриш;
– Динни ўрганишда солиҳ аждодлар изидан бориш;
– Тизимли ва ишончли манбалар асосида илм ўрганиш;
– Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– Турли тоифа, фирқа ва гуруҳларнинг чақириқларига учмаслик;
– Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– Ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, у ерларда катта фитналар урчиб, ўлкалар заифлашган, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва махфий фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри ечим ҳисобланади.
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме масжиди
имом-хатиби Мирзоҳид Умирзоқов
Манба: @Softalimotlar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримга кўра, террористларнинг омма халқни портлатиши, инсонларни ўз жонига қасд қилишга даъват этиши ва бошқа ҳар қандай тинч аҳолини ҳаётига қаратилган тажовузларни амалга ошириши улкан жиноят ҳисобланади.
Албатта, бу ишларни амалга оширувчиларга жаҳаннамда оғир азоб-уқубатлар борлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қуръони каримнинг Буруж сурасида одамларни ёндириш тақиқланганлиги келтириб ўтилади:
“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор[1]”. (Буруж сураси, 10-оят).
Қуръондаги “фатану” сўзи “ёндириш” маъносида ҳам тафсир қилинади. Бу оят одамларни портлатувчилар дўзах эгалари эканлигига ишора қилади.
Ибн Аббос ва Муқатил айтдилар: “мўмин ва мўминаларни фитна қилиб” ояти қуйидаги маънони англатади: “Улар мўминларни олов билан ёндирадилар”[2].
Ибн Ҳумайд ва Ибн ал-Мунзирдан ривоят қилиничиша, Қатода “Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб”, оятини “олов билан ёндириб ўлдириш[3]” деган маънони англатади деб тафсир қилган.
Имом ал-Қуртубий ва Абу Ҳафс ал-Ҳанбалий ҳам шундай тафсир қилганлар[4].
Мусулмонларни ўлдиришни ҳақ деб билганлар Ислом чегарасидан чиққан ҳисобланадилар ва ловуллаб ёнаётган дўзахнинг оловида азобланадилар.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Хасадчи, туҳматчи ва фолбин мендан эмас ва мен ҳам улардан эмасман”. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”[5] (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръон карим тафсирида қуйидагилар ёзилган:
“Охиратда дўзах аҳлини икки турдаги азоб ўраб олади, биринчиси бу уларнинг куфр келтирганликлари учун бўлса, иккинчиси мусулмонларни ёндирганликлари учун берилади”[6].
“Тафсир ал-Жалолайн” асарининг муаллифи, юқоридагига ўхшаш фикрларни келтириб ўтади: “Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб”, оловда куйдириш орқали, “сўнгра тавба қилмган кимсаларга жаҳаннам азоби”, иймонсизликлари сабабли, “улар учун ўт азоби бордир” мусулмонларни оловда ёндирганлари учун[7].
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: «Hilol-Nashr» 2015. 590– б.
[2] Ар-Розий, ал-Тафсир ал-Кабир, 13:III.
[3] Жалолиддин Суютий, ал-Дур ал-Манзур, 8:466.
[4] Муҳаммад ал-Қуртубий, ал-Жоми ли аҳкам ал-Қуръон, 19:295, Абу Ҳафс ал-Ҳанбалий, ал-Лубаб фи улум ал-Кита, 20:253.
[5] Ал-Мунзир ал-Тарғиб ва ал-Тарҳиб, 3:324, Ибн Асокир Тарих Димашқ ал-Кабир, 21:334.
[6] Ар-Розий ал-Тафсир ал-Кабир.
[7] ЖалолиддинСуютий ва Жалолиддин ал-Маҳаллий, Тафсир ал-Жалолайн, I:801.