16-26 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 84 нафар воиз имом-хатиблар учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида 10 кун мобайнида нотиқ имомлар учун “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” йўналишида 72 соатлик ўқувлар ўтказилди.
Машғулотлар давомида таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар ва соҳадаги энг малакали устозлар ўз билим ва тажрибаларини етказдилар.
Бугун, 26 июль куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ўқув курсини муваффақиятли якунлаган имомларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этиб, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар, имом-хатибларга кўрсатилаётган эътиборни сўзлаш баробарида бугунги мураккаб даврда имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини ошириб боришни замоннинг ўзи тақозо этаётганини таъкидладилар. Шунингдек, масжид минбари, турли йиғинлар ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишда имом-хатиб эътибор қиладиган муҳим жиҳатлар, нотиқлик одоби ва янги давр талабларига батафсил тўхталдилар.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг долзарблиги, тарғибот-ташвиқот ишларида имом-хатибларининг ўрни ва келгусидаги вазифалари ҳақида сўзлади.
Воиз имом-хатибларга муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан сертификатлар топширилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аҳли илм ва солиҳларга муҳаббат қилинг ва давраларида бўлинг. Шояд, шафоатлари етса:
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Солиҳларни севаман, гарчи улардан эмасман,
Шояд, улар орқали шафоатга эришсам.
Тижорати гуноҳ бўлганларни суймасман,
Гарчи улар каби тижоратим(из) бир бўлса ҳам.
Язид ибн Ҳорун раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Муҳаммад ибн Язид Воситий вафот этгач, тушимда уни кўрдим ва:
“Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?” деб сўрадим.
“У Зот мени мағфират қилди” деди.
“Нима учун?”, деб сўрадим. У бундай деди:
“Жума куни аср намозидан кейин бир мажлисда эдик. Абу Амр ва Ҳасан Басрий раҳимаҳумуллоҳ ҳам келиб, дуо қилишди, биз “омин” деб турдик. Шу туфайли мағфират қилиндик”.
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Отам ўн беш ёшга тўлганимда менга: “Ортиқ ёш бола эмассан. Яхшилик ортидан бор, шунда солиҳ кишилар қаторида бўласан”, дедилар. Шундан бери маслаҳатларидан чиқмадим” (Ибн Жавзий, Сойдул Хотир).