Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Март, 2025   |   15 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:17
Қуёш
06:35
Пешин
12:37
Аср
16:43
Шом
18:33
Хуфтон
19:45
Bismillah
15 Март, 2025, 15 Рамазон, 1446

Одамларга яхши гаплар айтинг!

27.02.2024   809   3 min.
Одамларга яхши гаплар айтинг!

Одамларга хитоб қилаётганингизда энг чиройли сўзлардан фойдаланиб, чиройли тарзда гапиринг. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларга яхши гаплар айтингиз” (Бақара сураси, 83-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яримта хурма билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг. Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!”.

Гапингиз орасида тўхтаб-тўхтаб, шошмасдан гапиринг, токи эшитаётган одам мақсадингизни тушунсин, унинг мағзини чақсин!

Оиша розияллоҳу анҳодан бундай деганлари ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди сизлардек гапирардилар, лекин гап орасида тўхталиш (пауза) қилиб гапирардилар ва шу орқали ўтирганлар у зотнинг гапларини ёдлаб қолишарди”.

Оиша онамиз яна шундай деган эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай оҳиста гапирар эдиларки, гапларини санашга ҳам имкон бўларди”.

Сизни тинглаётган одамнинг фаҳмига лойиқ тарзда хитоб қилинг. У тушунадиган сўзларни ишлатиб гапиринг. Йўқса ёмон гумонга бориб қолади, яъни агар сиз унинг илмий савиясидан юқорироқ савияда гапириб қўйсангиз, у буни истеҳзо қилиш, пастга уриш деб ўйлаб қолади.

Камгап бўлишга ҳаракат қилинг. Иложи бўлса, саволга жавоб бериш, насиҳат қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ёхуд Аллоҳга чақиришдан ташқари ҳолатларда гапирманг. Зотан Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтдики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз” (Нисо сураси, 114-оят).

Кўп гапириб, Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолмангиз! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳни ёд этмаган ҳолда кўп гапириш қалбни қорайтиради. Аллоҳдан энг узоқ банда қалби қотган (қорайган) бандадир”.

Сергапликдан, бекорчи ва мақсадсиз гаплардан четланинг! Зеро Роббимиз таоло Мўминун сурасининг 1-3-оятларида айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”.

Гапиришдан олдин гапингизни, унинг оқибатини ўйлаб олиб, кейин гапиринг. Мақсадингизни яхши қамраб олмасдан, аниқлик киритиб олмасдан туриб гапирманг!

Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар” (Қоф сураси, 18-оят).

Гапираётган одамингизнинг юзига қараб гапирингки, унга бўлган эътиборингизни ҳис қилсин! Телефонингизни титиб ёки ўнгга-чапга қараб гапирсангиз, бу унинг парвосини ҳам камайтиради.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илиниш – гўзал фазилат

14.03.2025   3281   1 min.
Илиниш – гўзал фазилат

Эр-хотин узоқ вақт бирга ҳаёт кечиришди. Турмушларига 30 йил тўлган куни аёл эрталабки нонушта учун нон пиширди. Аслида у бу ишини ҳар доим қиларди. Аёл одатига кўра эрига ноннинг тепа қисмини бермоқчи бўлди. Бироз ўйланиб турди-да: “Бугун бир марта ноннинг тепа қисмини ўзимга олиб, таг қисмини эримга бераман. 30 йил мобайнида ноннинг тепа қисмини егим келди. Энди бир марта одатга хилоф қилсам бўлар”, деб ўйлади. Эрига ноннинг таг қисмини узатди. Эрининг ноннинг таг қисмини олиши билан қувониб кетди: “Бугун қандай ҳам зўр совға бердинг. Мен ўзи ёшлигимдан ноннинг тагини ейишни яхши кўраман. Лекин менга устини берганинг учун сен ҳам таг қисмини яхши кўрсанг керак, деб доим тепа қисмини ердим”, деди.

Хулоса шуки, биргаликдаги ҳаёт давомида бир-бирини авайлаш, ўзи яхши кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш жуда гўзал фазилатдир.


Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик пайтлари ширин таомлар тайёрлаб бераётган оналаримиз, жуфти ҳалолларимизнинг ҳақларига дуо қилайлик. Таровиҳлар, хатмлар сўнгида ўзимизга тилаган тилакларни уларга ҳам илинайлик! Зеро, ўзига раво кўрганини бошқага ҳам раво кўрмагунча иймонимиз комил бўлмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган). 
 

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар