Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида таҳлилий йиғилиш ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги жоме масжидларнинг барпо этилаётгани, кўплари қайта бунёд этилаётгани ва соҳага қаратилаётган юксак эътиборга алоҳида урғу қаратдилар. Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имом-хатибларни мана шундай эътиборга ва ишончга муносиб бўлиб, давр ва мўмин-мусулмон халқимиз талабларига ҳамнафас ҳолда фаолият юритишга чақирдилар.
Мажлисда имом-хатибларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг илмий салоҳиятларини юксалтиришга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, магистратура, докторантурада таҳсил олишлари ҳамда АҚШ, Англия, БАА каби давлатларда илмий сафар ва малака ошириш имкониятлари яратилаётгани мамнуният ила қайд этилди.
Шунингдек, вилоятдаги ярим йиллик иш фаолият таҳлил қилиниб, 41 мингдан ортиқ маърифий тадбир ўтказилгани, 4 800 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани, 5 600 та меҳнат мигранти оиласи билан мулоқот ташкил қилингани, эҳтиёжманд оилаларга 3,5 миллиард сўм ва мадрасаларга 809 миллион сўм хайрия ёрдамлари кўрсатилгани ижобий баҳоланди.
Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" муносабати билан масжидларни ободонлаштириш, аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этиш ва маънавий муҳит соғломлигини янада яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, иш фаолиятни рақамлаштириш, muftiy.uz иловасидан самарали фойдаланиш, интернет маконида сифатли ва муаллифлик медиа-контентлари билан фаол иштирок этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари нуқтлари ниҳоясида ҳар бир имом-хатиб ўзини шариат ходими ва миллат фидоийси сифатида теран англаши, ташаббускорлик ва касбга садоқат билан халқимизга хизмат қилишлари лозимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати