Cавол: Тиловат саждаси қилинганидан кейин қайси дуони қилсак бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тиловати саждадан сўнг тайин қилинган дуо йўқ. Урфимизда қуйидаги дуони қилиш одат бўлган.
سَجَدْتُ لِلرَّحْمَانِ وَآمَنْتُ بِالرَّحْمَانِ فَاغْفِرْلِي ذُنُوبِي يَا رَحْمَان سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيْر
“Сажадту лирроҳмаани ва ааманту бирроҳмаани фағфирлий зунуубий йаа Роҳмаану. Самиънаа ва атоънаа ғуфроонака Роббанаа ва илайкал масийр”.
Маъноси: “Раҳмон (Аллоҳ)га сажда қилдим, Раҳмон (Аллоҳ)га иймон келтирдим, Ё Раҳмон! Гуноҳларимни мағфират қилгин, эшитдик ва итоат этдик ва қайтиш фақат Сенгадир”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.
Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан