Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Зотдор қўйимиз бор. Думбаси катталиги учун кестирмоқчи эдик. Ветеринар ошиқчасини операция қилиб, кесиб берар экан. Ҳайвон тирик бўлади ва яна яшаб кетади. Бисмиллаҳни айтиб кесиб беради. Думбанинг кесилган қисмини ейиш ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тирик ҳайвондан кесиб олинган аъзони, гарчи “бисмиллаҳ” айтиб кесган бўлса ҳам ейиш ҳалол эмас. Чунки Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар туяларнинг ўркачларини ёрар ва қўйларнинг думбасини кесиб олар эдилар. Бас, у зот: “Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир, ейилмайди”, дедилар” (Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
1 октябр – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан диний таълим муассасалари раҳбарлари, фидоий мударрислар ҳамда жонкуяр мураббийларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг қутловлари йўлланди.
Диний идора тизимидаги олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида ушбу табрик ўқиб эшиттирилди. Жумладан, “Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати ундан-да улуғдир. Аллоҳ таоло илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйганини Қуръони каримда баён этди”, дейилади табрик матнида.
Шунингдек, унда сўнгги йилларда диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, педагог-ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режалар ҳам эслаб ўтилди.
Қутлов сўнгида диний таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, шарафли ва машаққатли фаолиятларида муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати