Бир куни бой ота ўғли камбағаллик нима эканини тушуниши учун уни фақир оилага олиб борди. Улар ўша оилада бир неча кун яшаб, сўнг қайтиб келишди. Ота ўғлидан сўради:
– Бу қилган сафаримиздан қандай хулосалар чиқардинг?
Ўғли бундай жавоб берди:
– Бизда катта уй, уларда одий. Лекин уларнинг бағри кенг экан. Агар бизникига келиб шунча вақт яшамоқчи бўлганларида биз рози бўлмасдик, менимча. Биз керакли нарсаларни дўкондан оламиз, улар аксарини ўзлари етиштираркан. Ўзлари меҳнат қилиб етиштиргани учун исроф қилишмас экан. Бизда уй ишларини хизматкор қилади, улар эса бир-бирига ёрдам беришаркан. Ўзаро меҳр-оқибатлари ҳам ҳавас қиларли. Ўйлаб қарасам, аслида улармас, биз камбағал эканмиз...
Ота бу жавобни эшитиб ўйланиб қолди. Ўғли бундай жавоб беришини кутмаган эди.
Аслида биз ўзимизда бор нарсага эмас йўқ нарсага интиламиз олишга, эришишга харакат қиламиз. Биздаги бор нарса кимлар учундир орзу эканини унутамиз. Гоҳида қанчалик биз бой эканимизни англаш учун ўз ҳаётимизга бошқача назар билан қарашимиз керак бўлади.
Акбаршоҳ Расулов
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Малайзияга ташриф давомида, бевосита ушбу давлатнинг президенти билан мулоқотда Малайзия давлати Ислом молияси масалалари бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга катта қизиқиш билдирган эди.
Шу вақтга қадар фақат Малайзияда ташкил этиб келинган Халқаро исломий молия олимлари форуми (ISSF)нинг йигирманчиси Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тадбирнинг стратегик ҳамкори сифатида унинг халқаро даражада юқори савияда ўтказилишини таъминлади. Шунингдек, мамлакатдаги етакчи тижорат банклари ва молия ташкилотлари форумни қўллаб-қувватламоқда.
Форумнинг асосий мақсади исломий молияни ривожлантириш, илғор амалиётларни молия тизимига жорий этиш, олимлар, бошқарувчилар, стандартларни белгиловчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда исломий ҳуқуққа оид масалалар юзасидан фикр алмашиш майдонини яратишга қаратилган.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ҳам иштирок этиб, "Ўзбекистонда ислом молияси хизматларини йўлга қўйиш истиқболлари" мавзусида маъруза қилди.
Форум доирасида ислом молия тизимига ўтиш жараёни, молиявий маҳсулотлар, ҳуқуқий ва меъёрий қийинчиликлар, амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистон учун ислом молияси соҳасида муҳим қадам бўлиб, мамлакатнинг ислом молиясида минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, форумда халқаро экспертлар Ўзбекистон ислом молиясига тайёр эканини қайд этишди. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаёқ қабул қилингани ҳам шундан далолат беради. Бундай қонуннинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорларимизга қўшимча молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини беради. Мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, қонунчиликка исломий банк фаолияти, исломий молия операциялари ва стандартлари ҳамда инвестициявий депозит тушунчалари киритилмоқда. Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилиниб, уни олиш бўйича талаблар белгиланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати