“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-курс талабаси Анвар қори Шерқулов 30 пора Қуръони каримни 7 соатда ёддан ўқиб хатм қилиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Музаффар Қосимов ва устозлари Саидмуҳаммад қори Муҳибуллоев, Ҳикматулло қори Ҳамидов, Оллоёр Омонов ва Асилбек қори Исломов кузатиб борди.
Хатм якунида Музаффар домла Қосимов хайрли дуо қилиб берди. Анваржон қорига таълим муассасаси мудири Ўткир домла Ғузаров ҳадя сифатида 7 000 000 (миллион) сўмлик сертификат ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ