Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Фотир сурасининг "Хуш каломлар Унга кўтарилур" 10-ояти ҳақида шундай деганлар:
“Хуш каломлар ва садақанинг кўтарилиши уларнинг (Аллоҳ томонидан) қабул бўлганига ишорадир. Фаришталарнинг юксалишидан эса осмондаги манзилларига кўтарилишлари назарда тутилган. Аммо, “Аллоҳга кўтарилиш” деган маънонинг бу ўриндаги таъбири салаф солиҳлар томонидан тафвиз қилиш билан бўлса, улардан кейин келган имомлар томонидан таъвил қилиш билан бўлади."
Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Мана шу бобда Имом Бухорийнинг мақсадлари (муташобиҳ) оят ва ҳадисларининг зоҳирини оладиган мужассима жаҳмияларга раддия бериш бўлган. Аллоҳ таоло жисм эмаслиги аниқ бўлди, демак у бирор маконга ўрнашиб олишга ҳам муҳтож бўлмайди. Зеро, Аллоҳ бирор макон бўлмаган пайтда ҳам бўлган. Аллоҳ таоло фаришталарнинг кўтарилишини Ўзига нисбат бериши бу ишни шарафли эканига далолат қилади. Демак, Унга кўтарилишликнинг маъноси Аллоҳни макондан поклаган ҳолда, даражасини улуғлаш бўлади”.
Рустам Охунжонов "Кўкалдош" ўрта махсус
ислом таълим муассасаси Матбуот котиби
Манба: @ahnafuz
Ҳар бир инсон сеҳргар, фолбиннинг ҳузурига боришдан сақланиши лозим. Афсуски, аёл-қизлар орасида тақдир ва қисматнинг аччиқ синовларидан умидсизликка тушиб, сеҳргарларнинг олдига борадиганлари кўп учрайди. Улар турли баҳоналар билан сеҳргарга мурожаат қиладилар.
Сеҳргарлар эса, ҳиссиётга берилувчи аёллардан унумли фойдаланадилар. Аёлларнинг пулини “шилиб” олиш мақсадида ҳузурларига қайта-қайта келишлари лозимлигини алоҳида таъкидлашади. Акс ҳолда, оғир мусибат ёки касалликка учрашлари ҳақида қўрқитадилар.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Одамлар орасида сеҳргарлар олдига кўп қатновчилар аёллардир. Айниқса, улар ҳайз ҳолатида бўлганларида сеҳрнинг таъсири янада кучаяди. Бежиз ҳадиси шарифларда “дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллардир” дейилмаган”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим”, деганлар.
Аёллар Аллоҳга тақво қилинг! Чунки Аллоҳдан қўрқиш – ҳақиқий бахтнинг калити. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Аллоҳ таолонинг ёзган тақдирига рози бўлинг. Зеро, Аллоҳ бандаларига фақат яхшиликни раво кўрувчидир. Арзимас сабабларга динингизни сотманг. Сеҳргар, фолбинларнинг ёлғон ваъдаларига ишонманг. Агар бирор истак, орзу-ниятингиз бўлса, Аллоҳ таолога ихлос ва ишонч билан дуо қилинг. Зеро, ёлғиз Аллоҳ фойда келтирувчи ва зарарни қайтарувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир” (Юнус сураси, 107-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД