Ражаб ойи ҳижрий –қамарий йил ҳисобининг 7 ойи ҳисобланади. Ражаб ойининг номланишидаги “ражаб” сўзи нима маънони англатади?
“Ражаб” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги “қўрқмоқ”, “улуғламоқ” каби сўзларнинг маъноларини ифодалайди.
Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобида тўртта шаҳрул-ҳарам ой бўлиб, шулардан бири Ражаб ойидир. Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир.
Қадимда Ражаб ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан инсонлар ўзаро ихтилофларни, уруш-жанжалларни тўхтатганлар. Бу эса Ражаб ойи инсонларга хотиржамлик-тинчлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади. Халқимиз Ражаб ойини ҳурматлаб бу ойда туғилган болаларга Ражаб деб исмлар қўйишади.
Мана халқимизнинг “Тўрт иноға” деб атайдиган ойларнинг тўртинчиси бўлган “Жумадул-охир” ойи ҳам охирлаб қолди. Бу йил 13 Январь шанба кунидан Ражаб ойи бошланади.
Ражаб ойи кўринса, уни барокатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қиламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дуо қилардилар:
"اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ وَالتَّوْفِيقِ لِمَا تُحِبُّ وَتَرْضَى رَبُّنَا وَرَبُّكَ اللَّهُ اللَّهُ أَكْبَر "
“Аллоҳу акбар, Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-юмни вал-иймани, вас-салаамати вал-тавфиқи, лимаа туҳиббу ва тарзо роббуна ва роббукаллоҳ ”.
"Аллоҳу Акбар(Аллоҳ буюк), Эй, Аллоҳим! Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ва Ўзинг яхши кўрадиган, рози бўладиган нарсага муяссар этиш билан чиқар. Эй, ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!" ( Имом Термизий ва Доримий ривояти).
Аллоҳ таоло кириб келаётган Ражаб ойини баракали ойлардан қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими
#xabar #vaqf #muhokama
Шу йил 21 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида “Вақф” хайрия жамоат фонди Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фонднинг жорий йилнинг шу давригача бўлган иш фаолияти, хайрия ишлари кўлами ва келгусидаги истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар фонд томонидан кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган салмоқли ишларни юқори баҳолашди. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилган хайрия ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ошгани қайд этилиб, уйга муҳтож 43 та оилага ҳомийлар кўмагида тўлиқ жиҳозланган уй қуриб берилгани, жарроҳлик амалиёти, даволаниш ва ногиронлиги бўлган фуқаролар соғликларини тиклаш учун 1200 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилгани ижобий натижа сифатида баҳоланди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож оила фарзандларига ўқув қуроллари тарқатилгани ва чекка ҳудудларда қудуқ қазиб, сув чиқариш ишлари амалга оширилгани ҳамда ўқув марказлари, тиббиёт муассасалари ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ҳам эътироф этилди.
Шундан сўнг фонд олдида турган муҳим вазифалар, жумладан “Вақф” мулкларини шакллантириш ва янгиларини харид қилиш, фонд марказий аппарати ва ҳудудий филиаллар штат жадвалларини қайта шакллантириш, фонднинг халқаро алоқаларини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Васийлик кенгаши аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини билдириб ўтишди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди мулкларини шакллантириш, уларни кўпайтириш бу соҳада амалга оширилаётган хайрия ишлари салмоғининг ошишига хизмат қилиши қайд этилиб, зарур ҳолларда чет элдаги вақф мулкларини ўрганиш, хориждаги вақф фондлари билан ҳамкорлик қилиш кераклиги айтиб ўтилди.
Муфтий ҳазратлари фонднинг келгуси фаолиятида ҳар доимгидек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, ўқув юртларида ўқиётганларнинг тўловларини қоплаш ва меҳр-мурувват тадбирлари салмоғини ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, фонд фаолиятини оммалаштириш, кўчмас мол-мулклардан самарали фойдаланиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва маблағлар айланмасида шаффофликни таъминлаш кабиларга урғу қаратилди.
Йиғилишда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати