Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, беш республика муфтийси (муфтийлик йиллари: 1989–1993)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 1989 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий, СССР Олий Кенгаши депутати этиб сайланган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг хизматлари:
• 1989 йил Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган Усмон мусҳафи Диний идорага топширилди;
• 1990 йил Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳридан ҳажга жўнади. Бу пайтгача собиқ иттифоқдаги барча республикаларидан 20-30 кишигина ҳажга юборилар эди;
• Саудия Арабистонидаги «Ислом олами робитаси» раҳбарияти билан музокаралар натижасида собиқ иттифоқ мусулмонларига 1 000 000 дона мусҳаф ҳадя қилинди;
• Рамазон ва Қурбон ҳайитлари Ўзбекистон Республикасида байрам ва дам олиш кунлари деб эълон қилиниб, давлат миқёсида кенг нишонланадиган бўлди;
• 1991 йилда Наманганда “Мулла Қирғиз” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди;
• 1992 йилда Бухорода “Жўйбори Калон” аёл-қизлар, Қашқадарёда “Хожа Бухорий”, Хоразмда “Фахриддин ар-Розий”, Қорақалпоғистонда “Муҳаммад ал-Беруний”, Андижонда “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасалари ташкил этилди.
Халқаро ташкилотлар аъзолиги:
• Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси (Макка шаҳри);
• Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси (Макка шаҳри);
• Бутун жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси;
• Бутунжаҳон исломий халқ бошқарувининг бош котибияти;
• Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси;
• Бутун дунё даъват уюшмаси;
• Бутун дунё масжидлар уюшмаси;
• Бутун дунё Ислом уюшмаси (Исломобод шаҳри);
• Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси (Иордания).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, тарих ва бошқа илмларга доир юздан ортиқ асарлар муаллифи.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йили Тошкент шаҳрида вафот этди.
2023 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.
#xabar #muftiy #peshin
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Масжидул Латиф" жоме масжидида пешин намозини адо этиб, жамоатга манфаатли мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида юртимиздаги хайрли диний ислоҳотлар сабаб 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, 500 га яқин таҳоратхона замонавий таъмирланаётгани ва барча ҳудудларда Қуръон курслари йўлга қўйилаётгани катта неъмат эканини таъкидладилар. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда шукроналик ҳисси билан яшаб, аҳил-иноқлик ва мусулмонлар иттифоқлигини мустаҳкамлаш ўта муҳим эканига урғу қаратдилар.
Шайх ҳазратлари маърузаларида масжид ва мўмин киши ўртасидаги узвий боғлиқликни ажойиб ўхшатиш билан изоҳлаб, мўмин киши масжидда ўзини худди сувдаги балиқдек эркин ва хотиржам ҳис қилишини, чунки масжид қалбларга сокинлик улашувчи ҳақиқий роҳат маскани эканини қайд этдилар.
Мазмунли суҳбатда ёшлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва у ерда барпо этилаётган музей мисолида буюк алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром тилга олинди. Ёшларимиз Имом Бухорий каби улуғ аждодларимизнинг илмга бўлган фидойилиги ва ватанпарварлик фазилатларидан доимо ўрнак олишлари зарурлиги айтиб ўтилди.
Файзли суҳбат якунида Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик ва фарзандларимиз камоли учун хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати