Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози “таҳийятул масжид” дейилади.
Бу намоз икки ёки тўрт ракат ўқилади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.
Мабодо ўтириб олинган бўлса ҳам туриб ўқилади. Унда маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган.
Таҳийятул масжид намозини қуйидаги пайтларда ўқиб бўлмайди:
– Қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтларда;
– Аср намозини адосидан кейин шом намозини ўқиб бўлгунча;
– Бомдод намозини вақти киргандан бошлаб қуёш чиққунигача;
– Имом хутба қилаётган пайтда;
– Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин ҳам то ҳайит намози ўқилгунигача.
Таҳийятул масжид намозини ўқиб бўлмайдиган вақтларда масжидга кирган киши “Субҳааналлоҳи, валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳумма солли васаллим ъала набиййинаа Муҳаммад”ни айтса масжид ҳаққини адо қилган бўлади.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бир масжидга бир кунда бир неча бор кирилса, бир марта ўқилган таҳийятул масжид намози кифоя қилади.
"Суннатга мувофиқ намоз ўқинг" китобидан олинди.
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ