Cавол: Масжидга бемалол юриб келадию лекин ерга ўтириб намоз ўқишга бироз қийналадиган киши стулда ўтириб намоз ўқиши мукинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бундай одамлар ўтирган ҳолда руку қилиш ва ерга сажда қилишга қодир бўлсалар, курсига ўтириб намоз ўқишлари жоиз эмас. Чунки бу кишилар ерга сажда қилишлари фарз. Агар курсига ўтириб намоз ўқисалар, битта фарзни, яъни ерга сажда қилишни тарк қилган бўладилар.
Ўтирган ҳолда ерга сажда қила олмаса, ундай кишилар курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз.
«Фатовои Татархония» китобида бундай дейилади:
وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ
«Тик тура олмайдиган, лекин ўтира оладиган одам фарз намозларни ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқача ўқиш унга жоиз эмас».
Бир киши тик туришга ҳам, сажда ва рукуга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолатда, имо-ишора билан намоз ўқийди. Саждага қилган имо-ишораси рукуга қилган ишорасидан кўпроқ бўлади, яъни пастроқ эгилади.
وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ
«Руку-сажда қилиш ҳам, тик туриш узрли бўлса, намозни ўтирган ҳолатда, боши билан имо-ишора қилиб ўқийди, саждасини рукусидан пастроқ қилади» («Мухтасарул виқоя»).
Мана шундай беморлар, яъни тик туришга ҳам, руку-саждага ҳам қодир бўлмаган кишилар курсига ўтириб намоз ўқишлари дуруст бўлади, чунки улар тик тура олмагани ва ерга сажда қила олмагани учун курсига ўтириб, имо-ишора қилиб ўқиса, имкон даражасидаги ишни қилган бўладилар. Лекин афзали – ерга ўтириб имо-ишора қилишдир, чунки руку-сажда қила олмайдиган одам тик туриб имо-ишора қилганидан кўра ерга ўтириб, имо-ишора қилгани афзалдир.
Шу ерда эслатиб ўтамизки, тик тура олмайдиган одам деганда тик турса қаттиқ оғриқ сезадиган, касаллиги кучайиб кетадиган ёки тузалиши кечикиб кетадиган кишилар ҳам тушунилади («Муҳитул-Бурҳоний»). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Савол: Мен Туркия давлатида автомашиналарни ювиш хизмати (автомойка)да ишлайман. Баъзан такси ҳайдовчиларининг машиналарини ювганимизда ичида мижозларнинг буюмлари ва пуллари тушиб қолган бўлади. Шу пулларни ўзимизга олсак бўладими ёки таксичига беришимиз керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур буюм ва пуллар сизнинг ҳам, таксичининг ҳам мулки эмас, балки ўз эгасининг мулкидир. Шунинг учун эгасига қайтариш лозим. Бунинг учун сиз топилмани таксичининг ўзига қайтариб берасиз ва у ҳақиқий эгаларини топиш чорасини кўради. Эгасидан берухсат ишлатиб юбориши гуноҳ ҳисобланади.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
Ҳозирги вақтда унутиб қолдирилган буюмларнинг эгасини топишнинг турли йўллари мавжуд. Унутиб қолдирилган нарсалар буюм ва пул сингари чириб, айниб қолмайдиган нарсалар бўлса, эгаси чиққунича ўзида сақлаб туради ва эгасини топишга жиддий киришади.
Эгасини топишдан буткул умиди узилган вақтда ўзи муҳтож бўлса, садақа ўрнида ўзига ишлатиши, бой бўлса, фақирларга эгасининг номидан садақа қилиб юбориши лозим бўлади.
Кейинчалик эгаси топилиб қолса, ҳолатни тушунтиради. Агар эгаси рози бўлса, садақанинг савоби унга бўлади. Эгаси рози бўлмай, нарсасини талаб қилса, қийматини тўлаб беради ва қилинган садақанинг савоби ана шу таксичининг ўзига бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.