Савол. Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давридаги тақводор ва диндор олимнинг айтганига қараб амал қилади. Бу хилда бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан, бирортасига тақлид қилмасдан амал қилишнинг ҳукми нима?
Унга жавоб. Қадимги ва ҳозирги уламолар муайян мазҳабга боғлиқ бўлишнинг лозимлиги борасида ихтилоф қилиб келадилар. Айрим олимлар муайян мазҳабга тақлид қилишни вожиблигини айтганлар. Аллома Маҳаллий Шофиъий «Жамъ ал-жавомеъ» шарҳида ёзганлар:
يجب على العامى و غيره ممن لم يبلغ مرتبة الاجتهاد التزام مذهب معين من مذاهب المجتهدين يعتقده ارجح من غيره او مساويا له و ان كان فى نفس الامر مرجوحا على المختار، انتهى
«Омига ва ижтиҳод мартабасига етмаган бошқага мужтаҳидларнинг мазҳабларидан ўзича бошқасидан кўра устунроқ ёки тенг деб эътиқод қилган бирорта муайян мазҳабни лозим тутиши вожиб бўлади. Гарчи амалда ўша мазҳаб устун бўлмаса ҳам майли. Ихтиёр қилинган гап мана шудир». Тамом.
Имоми ҳумом Камолиддин ибн ал-Ҳумом «Таҳрир ал-усул» асарида бундай деган:
نقل الامام الاجماع على منع تقليد العوام لاعيان الصحابة و من بعدهم الذين وضعوا و دونوا على هذا ما ذكره بعض المتأخرين من منع تقليد غير الايمة الاربعة لانضباط مذاهبهم و تقييد مسائلهم و لم يدر مثلهم غيرهم الى الآن، انتهى
«Имом (муаллиф) авомларнинг таниқли саҳобалар ва улардан кейинги илмларни ажратиб, тартиб бериб чиққанларга эргашишдан ман қилинганлиги тўғрисида ижмоъни нақл қилган. Айрим кейинги давр уламолари тўрт имомдан бошқасига тақлид қилишни ман қилганлари зикр қилинган. Бу уларнинг мазҳаб тузишлари, масалаларни қайд қилишлари кабилар ҳозиргача бирорта бошқа мазҳабларда содир бўлмаганлиги учундир». Тамом.
Айрим уламоларнинг ихтиёр қилгани эса муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас. Ҳар кимга ўзи хоҳлаган мазҳабига амал қилиши ихтиёрлидир. Бироқ, шарт шуки, бирор мазҳабни паст санамасин, ўзи амал қилаётган мазҳабга таассуб қилмасин. Агар тўрт мазҳабдан бирортасига таассуб қилса ёки ҳақорат қилса, унга таъзир бериш вожибдир. Зулманосиб Шайх Ибн Ҳожиб «Мухтасар ал-Усул»да бундай деб келтиради:
و لا يرجع عن قول المجتهد بعد تقليده اتفاقا و فى حكم آخر المختار جوازه لنا القطع لوقوعه و لم ينكر فلو التزم مذهبا معينا كمذهب مالك او الشافعى فثالثهما كالاول، انتهى
«Мужтаҳидга тақлид қилганидан сўнг уламолар иттифоғига кўра унинг гапидан қайтиб бўлмайди. Бошқа ҳукмга кўра унинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Бизнингча, бундай воқеанинг юз бериши қатъийдир, буни ҳеч ким инкор қилмаган. Агар бирорта муайян мазҳабни, масалан Молик ёки Шофиъий мазҳаби кабини ўзига лозим тутса, учинчи мазҳаб аввалгиси каби бўлади». Тамом.
Дин имомларининг суянчиғи Қози Азуд ал-милла ва-д-дин мазкур асарнинг шарҳида ёзади:
«Агар оми бир масаланинг ҳукмида бирор мужтаҳиднинг гапига амал қилса, ундан бошқа ҳукмга қайтиши тўғри эмас. Бунга уламолар иттифоқ қилганлар. Аммо бошқа бир масаланинг ҳукмида бошқа мазҳаб ҳукмига тақлид қилиши жоиз бўлади, дейилган. Саҳобалар ва бошқалар даврида бундай воқеа юз бергани учун бунинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Чунки, одамлар ҳар бир асрда ўзлари хоҳлаган муфтийларидан фатво сўраб келганлар. Бир муайян муфтийни ҳаммаси лозим тутмаганлар. Бу ҳолат кенг тарқаб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.
Агар бир муайян мазҳабни лозим тутса ёки агар уни лозим тутмаса, бу борада уч хил қараш бор. Қатъий бировини лозим тутиш, лозим тутмаслик ва кейингиси худди ўзи лозим тутмаган биринчиси кабидир, деган фикрлар. Агар бирор воқеа юз берса, бу борада бир мазҳабнинг ҳукмига эргашса, ундан қайтиб бўлмайди. Бошқа масалаларда эса хоҳлаганига эргашиши мумкин». Тамом.
«Мусаллам ас-субут»да ва унинг шарҳида Валийуллоҳ Лакнавий бундай деб ёзганлар:
«Кўпчилик олимлар фикрича, илмда афзал турганида афзал бўлмаганга тақлид қилиш жоиз бўлади. Бу фикрни аксари ҳанбалийлар ёқлаганлар. Уни Ибн ал-Ҳожиб ихтиёр қилган, муаллиф ҳам уларга эргашган. Имом Аҳмаддан ҳикоя қилинишича, устун фикрга назар солиш вожиб бўлади, деган. Бу имомийлар мазҳабининг ҳам ихтиёр қилганидир. Муқаллид ўзи тақлид қилмаётган мазҳабига тақлид қила оладими? Амал қилмаётган масаласида ёки ихтиёр қилган ҳукмидан бошқасида тақлид қила олади. Агар фатво сўраганининг фатвосига қаноатланадиган бўлса. Саҳобалар даврининг барчасида фатво сўровчилар бир марта бирор мужтаҳидга эргашса, бошқа маротаба умуман бошқа мужтаҳид сўзига амал қилаверганлар. Муайян бир мазҳабни лозим тутса, унда доим қолиши керакми? Қолиши керак, дейилган. Ҳатто айрим такаллуф қилувчилар: «Ҳанафий одам ўз имомининг мазҳабини тарк қилса, унга таъзир берилади», деганлар. Ҳақиқат шуки, ушбу гапнинг асло далили йўқ. Бу ҳолда ўзича шариат қилиб олган бўлади. Доим қолиши шарт эмас, дейилган. «ат-Тайсир шарҳ ат-Таҳрир»да буни энг тўғри фикр дейилган. Чунки, фақат Аллоҳ таолонинг ўзи вожиб қилган нарсаларгина вожиб бўлади. Хуллас, муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлмайди, бошқасига ўтиш жоиз бўлади. Лекин, унинг бу иши улуғ мужтаҳидларни менсимаслик ёки ҳою ҳаваси учун бўлмаслиги лозим». Қисқартирилган ҳолда тамом.
Шунингдек, Баҳр ал-улум Мавлоно Абдулали «Мусуллам ас-субут» шарҳида ва «ат-Таҳрир»нинг шарҳида муайян мазҳабга тақлид қилиш шаръан вожиб эмаслигини ҳақиқат деганлар.
Бу бобдаги таҳқиқ шуки, авомларни бу хилдаги масалалардан узоқ тутиш лозим. Хусусан, бизнинг замондаги авомларга билдирмаслик керак. Уларнинг бирор мазҳабга тақлид қилишдан бошқа чоралари йўқ. Агар фаразан улар турли мазҳабларни ўз хоҳишларича ихтиёр қилаверадиган бўлсалар, динда фитналар юз беради, тил таъналарни чиқаради, улуғ имомларни ҳақорат қилишлар пайдо бўлади. Айниқса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳақида айтадилар: «Бизнинг мазҳаблар билан ишимиз йўқ. Бизга Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кифоядир». Мазҳабларга тақлид қилиш далилларга тақлид қилишнинг айни ўзгинаси, эканини улар билмайдилар. Аллоҳ жалла ва ъалонинг мана бу буйруғи:
فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
«Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўранглар!» (Наҳл, 43) ояти каримаси бунга адолатли шоҳиддир.
Бирор билимсиз бир олимни муқтадо қилиб, унга суянадиган бўлса, гарчи ўтган имомлар ундан кўра тақводорроқ бўлса ҳам, унинг учун шу олим афзал бўлиб ҳисобланади. Демак, ўтган имомларга тақлид қилиш ўрнига ўша олимга тақлид қилишни афзал деб ҳисоблайдиган бўлса, бу яхши бўлмаган устунликдир. Аллома Фахриддин аз-Зайлаъий «Шарҳ Канз ад-дақоиқ»да, Шайх ал-ислом Бадриддин Айний ва бошқалар аниқ қилиб ёзганлар:
الأحكام يتبدل بتبديل الأزمنة
«Ҳукмлар замонлар ўзгариши ила ўзгариб боради».
Бунга гувоҳ сифатиди Абу Довуд Ҳазрати Ойша (р.а.)дан ривоят қилган:
لو أدرك رسول الله صلى الله عليه و سلم ما احدثه النسآء لمنعهن من المساجد كما منعه نسآء بنى اسرائل
«Агар хотинлар пайдо қилган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларида эди, худди Бани Исроилнинг хотинларини ман қилингандек, уларни масжидлардан ман қилган бўлардилар».
Шу сабабдан «Ҳидоя» соҳиби ва Шамс ал-аимма Сарахсий, балки жумла ҳанафий ва шофиъий фақиҳлари бир неча ўринда масалаларни ёритганларидан сўнг бундай деб ёзганлар:
لكن هذا مما لا يفتى به الناس
«Лекин бу одамларга фатво берилмайдиган масалалардандир!».
Фиқҳ китобларига назар солиб юрувчига бу иш махфий эмас.
Демак, муҳаққиқ олимлар наздида муайян мазҳабни ихтиёр қилишнинг вожиб эмаслиги ҳақидаги равшан фикр бўлса-да, бироқ, замонамиздаги авомлар учун ихтиёр қилинган фатво муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб ёки мустаҳсан дейишдир. Чунончи, бу айрим олимлар фикри ҳамдир. Авомларни ушбу мазҳаб борасида ихтиёрли бўлиши ишидан ҳаргиз, ҳаргиз хабардор қилмаслик керак. Моҳир олим, мутаассибдан холи диндор ва тақводор бўлса, ўзининг ихтиёридаги мазҳабни тутавериши албатта авло ва яхшироқдир. Орифи раббоний Абдулваҳҳоб Шаъроний «Мезон»да ёзадилар:
«Бирор инсон Саййидим Али ал-Хавоссдан ҳозирда муайян мазҳабга тақлид қилиш борасида, унинг вожиб ёки вожиб эмаслиги ҳақида сўрайдиган бўлса, унга айтар эдилар: «Шариатнинг айни шоҳидликларига етмасанг, Бирорта мазҳабга тақлид қилишлик сенга вожиб бўлади. Жами мазҳабларнинг бир-бирига муттасил эканини кўрадиган бўлганингда эса сенга тақлид вожиб бўлмайди». Тамом.
Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳ ал-болиға»да ёзади:
«Таҳрир қилиб, тузилган тўрт мазҳабга тақлид қилишнинг жоизлигига бугунги кунгача уммат ижмоъ қилиб келган. Бунда масолиҳи мурсала қоидаси борлиги махфий эмас. Хусусан, ҳимматлар жуда ҳам камайиб кетган, нафслар ҳавога шўнғиган, ҳар бир фикр эгаси ўз фикри ила ифтихор қиладиган бу кунларда бу фикр айниқса муҳим. Ибн Ҳазмнинг тақлид ҳаром деган гапи хатодир». Тамом.
Яна «Иқд ал-жийд фий аҳком ат-тақлид»да қайд қилган:
«Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда катта маслаҳатли фойдалар бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:
Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмоъ қилиб келганлар. Демак, тобеъинлар саҳобаларга суянганлар, табъа тобеъъинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканлигига далолат қилади. Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, суянилаётган уларнинг гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас. Эй, Аллоҳ! Имомийлар ва зайдийлар мазҳаби ҳам бор. Улар бидъат аҳли бўлиб, уларнинг гапларига суяниш жоиз бўлмайди.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!». Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашишлик саводи аъзамга эргашишлик демакдир». Тамом.
Яна «ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да келтирган:
«Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамлардан мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди. Агар «Қандай қилиб бирор нарса бир замонда вожиб бўлади-ю, бошқа бир замонда эса вожиб бўлмайди, ахир шариат битта бўлса», деб сўралса, мен жавоб бераман: «Асли вожиб тафсилий далиллардан фаръий ҳукмларни таний оладиган кимсага тақлид қилишдир. Бунга ҳақиқат аҳли ижмоъ қилган. Агар турли йўллар вожиб бўладиган бўлса, таъйин қилмасдан йўллардан бирини таҳсил қилиш вожиб бўлиб қолади. Агар битта йўл бўлса, ўша йўлни махсус муайян қилинади. Чунончи, салафи солиҳлар ҳадисларни ёзмас эдилар. Сўнг бизнинг давримизда ҳадисларни ёзиб олиш вожиб бўлиб қолди. Чунки, ҳадис ривоятида ушбу китобларни танишдан бошқа йўл қолмади. Ўтганлар наҳв-сарф ва луғат билан ҳам машғул бўлмаганлар. Чунки, уларнинг тиллари арабча эди. Сўнг бизнинг кунларга келиб уларни ўрганиш вожиб бўлди. Демак, Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофиъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи билимсиз инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилмоғи вожиб бўлади, унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаром бўлади. Ҳарамайнда яшаган кимсага ундай эмас. Чунки, у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор». Тамом.
Гапнинг хулосаси шуки, билимсиз кимса бирор мазҳабни лозим тутмайдиган бўлса, тақводор бир олимнинг гапига амал қилсин. Шарт шуки, ўша билимсиз динни енгил санашдан, мужтаҳид имомларга таъна қилишдан ва бошқа шунга ўхшаш беодобликларда холи бўлиши керак. Шунингдек, у суянаётган олимнинг масалаларни таҳқиқ қилиш бобида тўлиқ маҳорати бўлсин. Унда ҳам таассуб асари бўлмасин, унинг тилидан мужтаҳид олимларга таъна қилиш содир бўлмасин. Шу суратда ўша кимса муайян мазҳабни лозим тутмаслик бобида ихтиёрлидир. Лекин, бизнинг давримизда на бундай диндор олим ва на бундай билимсиз тақводор учрайди. Ин ша-Аллоҳ, бундайлар ҳам учраб қолар….
Валлоҳу аълам би-с-савоб ва ҳува аъламу би-л-Китоб!
Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.
Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.
Қуръоний далиллар
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).
2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Ҳадисий далиллар
3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.
4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).
5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар
6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).
7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).
8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.
9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.
Салафи солиҳларнинг сўзлари
10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).
11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».
Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).
12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).
13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).
14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).
15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).
16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).
Салафи солиҳларнинг тутган йўли
17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).
18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).
19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).
20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
21. Илм йўлидаги сафарлар.
Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:
1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).
2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).
3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).
22. Дунё кезиб илм излаган олимлар
Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.
1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .
2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).
23. Фақат битта устоз эмас!
Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.
1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).
2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).
3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).
4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).
5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).
6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).
24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».
25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби
27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).
28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).
Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.
29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).
30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).
31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).
Хулоса
33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон