Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлса, маънан миллий қадриятларга, маърифатга шунчалик эҳтиёж сезади.
Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.
Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. «Ўргимчак тўри» шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.
Бугун мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиб, халқнинг чинакам минбарига айлантирилаётган бир пайтда, асоссиз «шов-шувлар» кетидан қувиб, ўқувчиларни чалғитиш, муқаддас динимизнинг софлигига путур етказишни касб қилиб олаётганлар ҳалиям борлиги кишини ўйга толдиради.
Минг афсуски, сўнгги вақтларда айрим нохушликларни Ислом шиорлари билан боғлаб ёритиш – «масжид бундай бўлди», «имом бундай қилди» дейиш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. Булардан мақсад нима? Шундай нобакор йўл орқали, яъни диний қадриятлар шаънига путур етказиш эвазига арзонфуруш мақола билан омманинг эътиборини жалб қилишдан кимга нима наф?...
Хўш, аслида танқид қандай бўлиши керак?
Келинг, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёзганларига қулоқ тутайлик: “Мажалла (ойнома) ва жаридалар (рўзнома)нинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матўни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур”. («Ойна» журнали, 1914 йил 32-сон).
Танқид ўринли, асосли, жамиятда урчиган иллатларга муросасиз бўлиш, инсон манфаатларини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш ниятида ёзилган бўлса, халқнинг таҳсинига сазовор бўлиши тайин. Бироқ миллий қадриятларимизга тош отиш, муқаддас динимиз шиорларини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш оқибати ҳалокатлидир.
Кўнглидан ўтган фикрни ақл тарозисига солмай, мулоҳаза қилиб пишитмай, динимиз мезонларига риоя қилмай, тайёр хом ашё сифатида сохта обрў орттириш илинжида мақолага кўр-кўрона киритиб юбориш танқид эмас. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина ҳушимизга келамиз.
Айрим мақолаларда келтирилган фактлар масжиддан анча олисда содир бўлган эсада, сарлавҳага «масжид» сўзи олиб чиқилган. Халқимиз «Аллоҳнинг уйи» дея меҳр ила улуғлаб, эъзозлайдиган, азизу муқаддас ва табаррук жойни инсон айтишга ҳам уяладиган сўзлар билан ёнма-ён ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!
Қандай вазифада ишлаши ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш халқ мутлақо кечирмайдиган қинғир иш ва асрлар давомида эсидан чиқармайдиган нарса! Айрим кишилар матбуот соҳасидаги эркинликни суистеъмол қилиб, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғулар, шарқона одоб-аҳлоқ, миллий-диний анъаналар, ўлмас қадриятлар ва умумбашарий қонун-қоидалар каби олий мезонларга риоя қилмаётгани – хавотирли ҳолатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб баён қилган.
Бошқа бир ояти каримада эса: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят), деб марҳамат қилинади.
Ушбу ояти карималардан журналистнинг айтганлари ва ёзганларини кузатувчи фаришталар борлиги, вақт-соати етиб «дафтар кўтарилганда», бугун ёзганлари эртага ўзларининг фойда ёки зарарларига ҳужжат бўлишини тушуниш учун Ислом таълимоти шарт эмас, балки ота-онасидан олган тарбияси (агар олган бўлса) етиб ортади. Шундай экан, ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига қасддан боғлашдан сақланиш керак!
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида: «Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя» дейилган.
Имом Муслим ривояти.
Демак, эшитган нарсани ёзавериш, билиб-билмай динимизни маломат қилавериш кечирилмас гуноҳ.
Ҳаммани лол қолдирадиган ё кенг оммани жалб этадиган материал ёзаман дея, арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, муборак динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди!
Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати шаклланса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъминловчи муҳим омил шу аслида.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Оммавий ахборот воситаларига оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид хабарни тарқатишдан аввал, унинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириш қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: «Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади», деб алоҳида кўрсатиб қўйилган.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга шундай муносабатда бўлиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учишдан бошқа нарса эмас. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун муқаддас динимиз шаънига путур етказаётган кимсаларга етти ўлчаб, бир кесмаса, ишини Худонинг Ўзи «тўғрилаб» қўйиши мумкинлигини эсларидан чиқармасликларини таъкидлаймиз.
Бугунги «шуҳрат»чанинг кетидан қувиб, «миш-мишлар»га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний «мен!» устувор. Улар «мен»ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга, мўмин-мусулмонларимизга пешво бўлиб турган устозларимизга шу каби муносабат билан ёндашиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учиш, деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, жаннатмакон юртимизда туғилиб ҳам, муқаддас Ватанимиз тупроғида яшаб ҳам, доно халқимиз чин ихлос билан эътиқод қилаётган динда бўлиб ҳам, Ислом дини қадриятлари, шаъни ва қадр-қимматини таратаётган уламоларимизни обрўсизлантиришга қаратилган қилиқлар кимга бўлса ҳам умуман ярашмайди!
Иброҳимжон Иномов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Совчилик ишлари, юқорида зикр қилинганидек, доимо енгил кўчавермайди. Баъзи ҳолатларда бир оиланинг ўзининг ичида ҳам фикр ва рағбатлар тўқнашиб қолиши рўй беради. Гоҳида ота-онага ёққан келин куёв бўлмиш фарзандга ёқмай қолиши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Бугунги кунимиз воқеълигида бу муаммони тез-тез учратиб турибмиз.
Ўзимизга интернет тармоғи орқали келган саволлардан бирини эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз: «Бир киши қизини дўстининг ўғлига беришни аҳд қилган. Қиз мўмина бўлиб, бир солиҳ йигит билан турмуш қурмоқчи экан. Ота қизнинг кўнглига қарамай: «Дўстимнинг ўғлига тегмасанг, сени оқ қиламан», – деди. Шундай вақтда отага қулоқ солиши керакми? Отанинг оқ қилиши тўғрими ёки нотўғрими?».
Бунга ўхшаш савол ва ҳодисалар оз эмас.
Бошқа муаммолар қатори, бу муаммони ҳам динимиз таълимотлари асосида ҳал қилишимиз керак бўлади. Бунинг учун эса, динимизнинг бу борадаги таълимотларини қунт билан ўрганишимиз ва уларга ихлос билан амал қилишимиз лозим бўлади.
عَنْ خَنْسَاءَ بِنْتِ خِدَامٍ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ أَبَاهَا زَوَّجَهَا وَهِيَ ثَيِّبٌ فَكَرِهَتْ ذَلِكَ، فَأَتَتْ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَرَدَّ نِكَاحَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
Хонса бинту Хидом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Отаси у кишини сўрамай, жувон ҳолида эрга берди. Бу унга ёқмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, у зот унинг никоҳини бекор қилдилар» (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳуқуқини беради. Арз қилинган чоғида эса, қози ундай никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У: «Розиман», деса, никоҳ никоҳ бўлади, бўлмаса, бузилади.
وَجَاءَتْ جَارِيَةٌ بِكْرٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَذَكَرَتْ أَنَّ أَبَاهَا زَوَّجَهَا وَهِيَ كَارِهَةٌ فَخَيَّرَهَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.
«Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига бердилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Бундай ҳолатда ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса, йўқ.
Бу иш Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда, эркаклар аввал ўзлари рози, талабгор бўлиб совчи қўйганлари учун уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида, асосан, аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаёт тақозосидир.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ فَتَاةً دَخَلَتْ عَلَيْهَا فَقَالَتْ إِنَّ أَبِي زَوَّجَنِي ابْنَ أَخِيهِ لِيَرْفَعَ بِي خَسِيسَتَهُ وَأَنَا كَارِهَةٌ، قَالَتِ اجْلِسِي حَتَّى يَأْتِيَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرَتْهُ، فَأَرْسَلَ إِلَى أَبِيهَا فَدَعَاهُ فَجَعَلَ الْأَمْرَ إِلَيْهَا، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ قَدْ أَجَزْتُ مَا صَنَعَ أَبِي وَلَكِنْ أَرَدْتُ أَنْ أُعْلِمَ النِّسَاءَ أَنَّ لَيْسَ لِلْآبَاءِ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб:
«Отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи. Мен буни хуш кўрмайман», – деди.
У киши: «То Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердилар. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар. Шунда у:
«Ё Расулуллоҳ, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини билдириб қўйишни ирода қилган эдим», – деди» (Насаий ривоят қилган).
Демак, ўзларига турмуш ўртоғи танлашда қизларимизнинг ҳақлари бор экан. Уларнинг розилигини сўрашда эса ишбошилар – қизнинг отаси, ака-укаси ёки амаки-тоғаси бўладими, ким бўлса ҳам, албатта, мажбур қилмасдан, ниҳоятда одоб-ахлоқ билан муомала қилишлари керак бўлади. Бу иш ҳадисда келган нарса бўлиб, шариатимизнинг қонунидир! Бизда эса, афсуски, шариатнинг ҳукми бир четда қолиб, одамлар ўзича чиқариб олган урф-одатлар, бидъат-хурофотлар ҳукм сурадиган бўлиб қолган.
Бу борада барча ота-оналар ва ишбошилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари зарур. Келинг, бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизларига бу борада қандай муомала қилганларини ўрганайлик.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا، فَقَالَ: إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً، يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي ذَكَرَهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا، وَإِنْ هِيَ كَرِهَتْ نَقَرَتِ السِّتْرَ، فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар. Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Оламларнинг сарвари, Роббул оламийннинг Расули бўлган зотнинг ўз қизлари билан никоҳ, оила қуриш борасида қилган муомалаларига назар солинг. Қандай юксак одоб! Қандай олий маданият! Қизларнинг одобини, ахлоқини кўринг!
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، عِنْدَنَا يَتِيمَةٌ قَدْ خَطَبَهَا رَجُلَانِ مُوسِرٌ وَمُعْسِرٌ، هِيَ تَهْوَى الْمُعْسِرَ وَنَحْنُ نَهْوَى الْمُوسِرَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: لَمْ يُرَ لِلْمُتَحَابِّينَ مِثْلُ النِّكَاحِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
«Ё Расулуллоҳ! Бизнинг бир етим қизимизга икки киши – бир бой ва бир камбағал совчилик қилди. У камбағални истаяпти, биз бойни истаяпмиз», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Севишганлар учун никоҳга ўхшагани кўрилмаган», – дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етим қизнинг кўнглига қанчалик эътибор берганларига қаранг! Ким бўлишидан қатъи назар, инсоннинг кўнгли бор. Унинг риоясини қилиш керак.
Аммо, ушбу ўта муҳим масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бунда болаларнинг ота-оналарига қарши чиқишлари ноқулай ҳолатга сабаб бўлади.
"Бахтиёр оила" китобидан