Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Агар ислом тарихига назар ташланса, бу мазҳабларнинг келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаб ва йўналишлар бўлган. Лекин у мазҳаблар муайян шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман.
Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб, Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликка: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киритган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда. Кейинчалик забардаст уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Куфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.
Мазҳаблар ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.
Мазҳаблар Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб, саҳобий ва тобеинлар фатволарига мувофиқ равишда топилган Аллоҳ розилигига эриштирувчи, ҳақиқий тўғри йўлдир. Аллоҳ таолонинг энг охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи, барча замон ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дин Ислом эканини яқиндан англаймиз. Мазҳаблар тўла маънода бирлик, бирдамлик, биродарлик рамзи эканини англаб олмоғимиз даркор.
Абдуллоҳ Раҳмонов ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги ходими
Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.
Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».
Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.