Шайх Нававий (631-676)
Имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шарофиддин ибн Муррий ибн Ҳасан ал-Ҳизомий ал-Ҳувроний ан-Нававий аш-Шофеъий Ислом оламининг мўътабар олимларидан саналади.
Кунялари – Абу Закариё, лақаблари Муҳйиддин. Аммо Аллоҳга тавозуъ қилиб, Муҳйиддин[1] деб лақабланишни кариҳ кўрган. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир, деб айтардилар.
Имом Нававий ҳижратнинг 631 йили муҳаррам ойида Дамашқдаги Наво шаҳрида дунёга келди. Ёшлигидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Ўн тўққизга кирганида отаси Дамашққа олиб борди ва илм таҳсилини янада кучайтириш мақсадида “Равоҳия” мадрасасига жойлаштирди. У ерда Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий ал-Мақдисийдан фиқҳ илми бўйича таълим олди, Шерозийнинг “Муҳаззаб” номли китобини ўқиб чиқди. Исҳоқ ибн Аҳмад у зотнинг фиқҳ илмидаги биринчи устози бўлди.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳар куни 12 хил дарс билан машғул бўларди. Орада тиб билан ҳам шуғулланишга интиларди. Лекин Аллоҳ таоло у зотни бу илмдан буриб қўйди. Балки Дамашқдаги “Дор ал-ҳадис ал-Ашрафия”да дарс беришни насиб қилди.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ниҳоятда тақводор, зоҳид киши эди. Бирор соатларини Аллоҳ тоатидан бошқа ишга сарф қилмасди. Кечаларини ибодат ва китоб тасниф этиш билан ўтказарди. Ибн Аттор айтади: “Нававий барча вақтини илм олиш, унга амал қилишга сарфларди. Бир кеча ва кундузда фақатгина ҳуфтондан сўнг бир луқма таом ва саҳар вақтида бир қултум сув тановул қилар эди”.
Имом Нававий жуда кўп китоб тасниф этди. Уларнинг айримлари: “Шарҳи Саҳиҳи Муслим”, “Иршод”, “Тақриб ва Тайсийр фий маърифати сунанил Башийр ан-Назийр”, “Таҳзийбул асмо вал луғот”, “Тибян фий одоби ҳамлатил Қуръон”, “Минҳожут-Толибийн”, “Бустонил орифийн”, “Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил Ислом”, “Равзатут толибийн ва умдатул муфтийн”, “Шарҳул муҳаззаб”, “Риёзус солиҳийн”, “Ҳулятул аброр ва шиорул ахбор фий талхийси даъвот вал азкор”.
Ушбу ҳадис китобларини шайхларидан эшитган: “Жомеъ ас-саҳиҳ ал-Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Абу Довуд”, “Жомеъ ат-Термизий”, “Сунани Ибн Можа”, “Сунани Насоий”, “Муватто Молик”, “Муснади Шофеъий”, “Муснади Аҳмад”, “Муснади Абу Яъло”, “Саҳиҳи Абу Авона”, “Сунани Байҳақий”, “Шарҳи сунна лил Бағавий”, “Аъмалул йовм вал лайла ли Ибн Сунний”, “Ал-жомиъ ли одобир ровий вас сомиъ лилхатиб Бағдодий”, “Ансоб ли Зубайр ибн Баккор”.
Дамашқда истиқомат қилганида фиқҳ, ҳадис, усул каби илмларни қуйидаги устозлардан таълим олган:
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 676 сананинг 24 ражабида чоршанба куни кечаси Наво шаҳрида вафот этди ва шу ерга дафн қилинди.
Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.
[1] Муҳйиддин – динни тирилтирувчи деган маънони англатади.
#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz