CNN Travel Ўзбекистонни 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши масканлардан бири сифатида эътироф этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Америка оммабоп сайтининг ёзишича, 2023 йилда халқаро туризм пандемиядан олдинги даражасининг қарийб 90 фоизига етган.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда CNN Travel 2024 йилда саёҳатларни режалаштиришда эътиборга олиш керак бўлган 24 та энг яхши масканлар рўйхатини эълон қилди. Қувонарлиси, ушбу бориб кўриш шарт бўлган жойлар рўйхатида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳам қайд этилган.
«Пандемиядан олдин Ўзбекистон мамлакатни жаҳон миқёсидаги сайёҳлик марказига айлантириш учун бир қатор улкан ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этаётган эди, - деб ёзган CNN Travel. -Энди ушбу вазифаларни амалга ошириш вақти келди».
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон 86 давлат фуқароларига визасиз кириш имкониятини тақдим этган. Мамлакатнинг такрорланмас ландшафти ва яхши сақланган қадимий архитектураси сайёҳларни кутмоқда.
«Ўзбекистоннинг Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта ер денгизигача бўлган тарихий савдо йўли – Буюк Ипак йўлида тутган ўрнини чуқурроқ тушуниш учун Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига, албатта боринг, — деб ёзади CNN. - Самарқанддан 3,5 соатлик масофада жойлашган Сентоб қишлоғи 2023 йилда ЮНЕСКО томонидан «Энг яхши туризм қишлоғи» деб топилди».
CNN Travel маълум қилганидек, пойтахт Тошкентни Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан боғловчи «Афросиёб» тезюрар поезди билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш янада осонлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати