Тошкент ислом институти 3–курс талабаси Машрабжон қори Абдураззоқхўжаев 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва кафедра устозлари Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Исломхон қори Убайдуллаев, Адҳам қори Юсупов, Содиқжон қори Қурбонов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.
Хатм якунида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Олий Маъҳадда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.
ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, устоз Соатмурод домла Примов, кафедра мудирлари Жаҳонгир қори Неъматов, Фарҳод домла Жўраев, ўқитувчилар: Фазлиддин домла Сувонов, Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Собиржон домла Рустамов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулҳаким домла Олимов ва барча иштирокчилар биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ҳамда Машрабжон қори ҳақига дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.
30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берган Машрабжон қорига Уйғун домла Ғафуров ҳадя сифатида ноутбук топширди.
“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Айни пайтгача Қуръони каримни бир кунда ўқиб берган қори талабалар сони 26 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов, Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев, Сардорбек қори Жиямуратов, Сирожиддин қори Шодмонов, Азимжон қори Мадаминжонов, Илёсбек қори Шарофиддинов, Нуриллоҳ қори Сайдуллаев, Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, Абдуллоҳ қори Комилов, Саидбурхон қори Фазлиддинов, Абдулҳай қори Жўрақулов, Аҳлиддин қори Қурбонов ва Нурисломхўжа қори Умбаров, Убайдуллоҳ қори Ҳабибуллаев ва Баҳодир қори Иброҳимов Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.
Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Ҳуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.
Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.
ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
#ҳаж
64-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мен пиёда ҳаж қилмоқчиман, шу масалага динимизда нима дейилади?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Пиёда ҳаж қилиш тўғрисида мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ макруҳ, деганлар. Чунки пиёда ҳаж қилишда сафар машаққати одамнинг хулқига салбий таъсир кўрсатиб, киши феълини тажанг қилиб қўяди. “Мажмаъул анҳур” китобида: “Уловда ҳаж қилиш пиёда ҳаж қилишдан афзалдир ва фатво ҳам шунгадир”, дейилади.
Ҳозирги кунда ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ҳисобга олиб, фақат уюшган ҳолда ва ҳаво йули орқали ҳаж сафари қилинади. Ҳар бир ҳожининг хавфсизлиги, соғлиги ва ибодатларни тўлиқ бажариши махсус ишчи гуруҳ диққат-эътиборида бўлади.
Демак, якка тартибда пиёда ва автомобилларда ҳаж сафари қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки пиёда сафар қилинганда бир нечта хорижий давлатлар чегаралари кесиб ўтилади ва йўлнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилиб турганда бир пайтда, жонимизни хавфга қўйиб, пиёда ҳаж қиламан, дейиш маъқул эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar