Ривоят қилинишича, одамзотнинг кўнглига уч нарса ҳеч урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан. Иккинчиси эса нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён. Башарият фарзанди учун учинчи улуғ нарса бу китобдир. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир.
Китобнинг Муқаддаслиги шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.
Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.
Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:
1) ота;
2 ) она;
3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);
4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);
5) Қуръони каримдан хабардор киши;
6) мўйсафид одам;
7) адолатли раҳбар.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ Таолонинг ўзидир. Бунга қуйидаги оят мисолдир:
“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),
Мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!
Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Ундан кейингиси эса хат қаламни ўргатган, оқ-қорани танитган устозлардир.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.
Ўзгаларга илм ўргатиш, маърифат зиёсини тарқатиш, ниҳоятда савобли амалдур. Бундай маъсулиятли вазифага мутасадди бўлган инсонларнинг даражаси ҳам буюкдир. Дарҳақиқат, кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Aлбатта, бунинг учун устоз зарурдир. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яни устозлик килишининг фазилати ундан буюкдир.
Ўқитувчи ва мураббийлар ана шундай етук мутахассис ёшларни тарбиялаб вояга етказади. Дунёда минг-минглаб касблар борки, уларнинг орасидаги буюк касблардан бири ўқитувчиликдир. Қуръони Карим оятларида ва Ҳадиси шарифларда илмига амал қилувчи олимлар, устозларни ҳурмат, қилиш, эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини юқорига кўтарур. Албатта Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордур”. (“Мужодала” сураси (11- оят.)
Ушбу ояти карима тафсирида Иби Аббос (р.а) бундай деганлар: “Олимларнинг даражаси илмсиз инсонларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенгдир”.
Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътибор беришни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.
Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади. Устознинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:
“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.
Яна бир шоир «Устоз» ҳақида бундай қалам тебратади:
Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.
Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.
Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»
Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…
Устозим мен учун отадан улуғ,
Шунингчун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим!
Халқимизда “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг неча минг элагидан ўтиб, кейин муомалага қўйилган.
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилган қонунлари бор. Биз ўз мантиғимиздан келиб чиқиб «Аллоҳ таоло кофирларни ҳалок қилиб юборса эди», деймизу, аммо энг билувчи зот Аллоҳнинг ҳикматларини англамаймиз. Оддий бир мисол, кофирлар дарҳол ҳалок бўлганида биз ҳам бу дунёда йўқ бўлар эдик, чунки бизнинг ҳам 14-15 аср олдинги боболаримиз, табиийки, мусулмон бўлишмаган. Кофирлар йўқ бўлиб кетмаслигида бизнинг қосир ақлимизга маълум бўлган қуйидаги ҳикматлар бор:
لَا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ
У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар (Анбиё сураси, 23-оят).
(У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир (Буруж сураси, 16-оят).
Мусулмон бўлишлари учун уларга имконият беради.
وَمِنۡهُم مَّن یَسۡتَمِعُ إِلَیۡكَۖ
«Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор» (Анъом сураси, 25 оят).
أَوَلَم نُعَمِّركُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُۖ
Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! (Фотир сураси, 37-оят).
مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاءُ لِمَنْ نُرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلاهَا مَذْمُوماً مَدْحُوراً * وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ وَسَعَى لَهَا سَعْيَهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ كَانَ سَعْيُهُمْ مَشْكُوراً * كُلاً نُمِدُّ هَؤُلاءِ وَهَؤُلاءِ مِنْ عَطَاءِ رَبِّكَ وَمَا كَانَ عَطَاءُ رَبِّكَ مَحْظُوراً
(Эй Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас (Исро сураси, 18-20).
قال شداد بن أوس رضي الله عنه : ( إن الدنيا عرض حاضر ، يأكل منها البر والفاجر ، والآخرة وعد صادق ، يحكم فيها ملك قاهر ، ولكل بنون ؛ فكونوا من أبناء الآخرة ، ولا تكونوامن أبناء الدنيا ) صفة الصفوة (1) 709
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу анҳу айтадилар: «Бу дунё нақд маҳсулотдир: яхши ҳам, ёмон ҳам ундан улушини еяверади. Охират эса рост ваъдадир: унда ўз ҳукмини ўтказувчи Подшоҳ ҳукм қилади. Икковининг ҳам ўз фарзандлари (мухлислари) бор. Сизлар охират фарзанди бўлинг, дунё фарзандлари бўлманг. (Сифатус софва китоби, 1, 709)
وَلا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّمَا نُمْلِي لَهُمْ خَيْرٌ لأَنْفُسِهِمْ إِنَّمَا نُمْلِي لَهُمْ لِيَزْدَادُوا إِثْمًا وَلَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ )
Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар!Балки Биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 178-оят).
فَلا تَعْجَلْ عَلَيْهِمْ إِنَّمَا نَعُدُّ لَهُمْ عَدًّا
"Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз" (Марям сураси, 85-оят).
روى البخاري (4686) ومسلم (2583) عَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يُمْلِي لِلظَّالِمِ فَإِذَا أَخَذَهُ لَمْ يُفْلِتْهُ ثُمَّ قَرَأَوَكَذَلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَا أَخَذَ الْقُرَى وَهِيَ ظَالِمَةٌ إِنَّ أَخْذَهُ أَلِيمٌ شَدِيدٌ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Албатта, Аллоҳ таоло золимга қўйиб беради. Уни ушлагач сирақўйиб юбормас, дедилар ва (қуйидаги оятни) ўқидилар:«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд сураси, 102-оят).
لا يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي الْبِلادِ . مَتَاعٌ قَلِيلٌ ثُمَّ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَبِئْسَ الْمِهَادُ
Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари (яъни, уларнинг ҳар жойда керилиб юришлари) алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар)озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай!Нақадар ёмон жой у! (Оли Имрон сураси, 196-197).
Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа сураси, 124-оят).
في أثر ذكره الإمام أحمد في الزهد: “أن موسى قال يا رب هلا سويت بين عبادك؟ قال إني أحببت أن أشكر
Имом Аҳмад «Зуҳд» китобида зикр қилган хабарда келади: Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, нега бандаларинг орасини (иймон ва куфрда) бир хил қилиб қўймайсан», деди. Аллоҳ унга: “(Иймонлилари кофирларига қараб) Менга шукр қилишларини истадим» деган экан.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу-жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча, ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Албатта, булар қосир ақлимизга келган ҳикматлар. Аллоҳнинг ҳузурида, албатта, жуда кўп ҳикматлар бордир.
Абдулбосит Абдулвоҳид,
Ҳадис илми мактаби талабаси.