Икки Муқаддас Масжид Бош раислиги маълум қилишича, Маккадаги Масжидул Ҳаромнинг 210 та дарвозасига мўминларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун 600 дан ортиқ ходим жойлаштирилган. Бу ҳақда islam.ru маълум қилган.
Масжид Ҳаром дарвозалари бўлими бошлиғи Фаҳад Aл-Маликийнинг айтишича, дарвоза ходимлари зиёратчилар ва намозхонлар масжидга юк, озиқ-овқат ва бошқа тақиқланган нарсаларни олиб кирмаслигини, унинг тозалигини, одамларнинг қулай ва хавфсиз ибодат қилишларини таъминлайди.
Унинг қўшимча қилишича, масжиддаги дарвозаларнинг номлари ва рақамлари намозхонларнинг адашиб қолишининг олдини олади ҳамда уларнинг ҳаракатланиши ва чиқишини осонлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cафарга чиқувчиларнинг ҳаққига дуо қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан саналади. У зот алайҳиссалом:
أَسْتَوْدِعُ اللهَ دِيْنَكَ وَأَمَانَتَكَ وَخَوَاتِيمَ عَمَلِكَ
“Аставдиъуллоҳа дийнака ва амаанатака ва хавотийма амалика”, деб саҳобаларни сафарга кузатар эдилар.
Маъноси: “Динингизни, омонатингизни ва амалларингиз хотимасини Аллоҳга топшираман”.
Ҳожиларни кузатишда қуйидаги дуоларни қилиш тавсия этилади:
1. Аллоҳим, ҳожиларнинг сафарларини осон қилгин. Уларни Сенга топширдик.
2. Аллоҳим, ҳожиларни сафарлари давомида ҳар қандай бало ва ёмонликлардан асрагин ҳамда оилалари бағрига соғ-саломат қайтаргин.
3. Аллоҳим, ҳожиларнинг дуо, ибодатларини ва қалбларидаги барча шаръий ният ҳамда мақсадларини ижобат этгин. Гуноҳларини мағфират, тавбаларини қабул қилгин.
4. Аллоҳим, ҳожиларнинг ибодатларини Ўзинг учун холис қилинган амаллар қаторида қабул айлагин.
Аллоҳнинг фарз ибодатини адо этишга отланган муҳтарам юртдошим Аллоҳ таоло юртимиз, халқимиз ҳаққига қиладиган барча дуоларингизни қабул этсин. Дуоларингизда бизни ҳам унутманг!
Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур ва гуноҳларингиз мағфур бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД