Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.
Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.
Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!
Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «Бемазҳаблар» деб атаётган мухолифларимиз кимлар?
© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. “Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан.
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази