2023 йил 21 декабрь куни Туркия Республикасининг Истанбул университети Илоҳиёт факультети анжуманлар залида «Мовароуннаҳрнинг Ислом илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Анжуман «Аё-София» масжиди имом-хатиби Ферруҳ Муштуэрнинг Қуръони Карим тиловати билан бошланди.
Халқаро анжуман Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқор, UMAD- Uluslararası Müslüman Alimler Dayanışma Derneği – «Халқаро мусулмон уламолари бирдамлик ассоциацияси» президенти Абдулваҳҳоб Экинжи ва İHAM – Ilim hizmet ve araştirma merkezi – «Илмий хизмат ва тадқиқот маркази» президенти профессор Мустафо Караташнинг кириш сўзлари билан очилди.
Юртимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети доктори Абдумурод Тилавов ва доктор Абдумухтор Раҳмонов анжуманда маърузалар билан иштирок этдилар.
Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов «Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши, тарқалиши ва ривожланиши» мавзусида маъруза қилди.
Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқор Мовароуннаҳрнинг инсоният тарихи ва Ислом маданиятидаги ўрни ва аҳамиятига урғу берди. Бу диёрдан етишиб чиққан уламоларнинг Ислом динига қўшган ҳиссасига тўхталиб, Темурийлар давлатининг минтақада илм-фан ва маданият борасидаги хизматларига алоҳида эътибор қаратди. Ректор Туркия, жумладан Истанбул, университети билан Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий алоқалар янада ривожланаётганини катта мамнуният билан таъкидлади.
Анжуман якунида профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқорга эсдалик совғаларини топширди.
ТИИ Матбуот хизмати
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов