Бугун, 27 июль куни Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров ҳамда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Диний соҳа раҳбарлари муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлаётгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар халқимиз ва дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани айтиб ўтилди.
Йиғилиш давомида айни кунларда Самарқанд вилоятида Тошкентдан ташриф буюрган ва вилоятда фаолият юритаётган воиз уламолар олис ва чекка ҳудудлардаги масжидларда маърифий суҳбатлар ўтказилаётгани, шунингдек, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилаётгани, уларда ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилгани баён қилинди.
Шунингдек, тадбирда вилоятдаги масжид ва маҳаллаларда ўтказилаётган суҳбатларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялардан асрашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида имом-хатиблар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолимизнинг диний саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.