- рўзадор бармоғи ёки намланган пахта билан қулоғини тозаласа, рўзаси очилмайди. Зеро, қулоқ пардаси бирон бир нарсани бош томонга ўтказмайди;
- рўзадор аёлни гинеколог кўриги рўзаси бузмайди;
- ички бавосил (геморрой) ва қошиқ билан томоқни текшириш ҳам рўзани бузмайди;
- тери остига (ёнбошга) қилинган укол, эмлаш ҳам кўпчилик фуқаҳолар наздида рўзани бузмайди;
- рўзадор боши ёки бошқа аъзоларидан қон олдирса рўзаси очилмайди;
- рўзадор остини (маҳражини) ювиб, уни қуритмай ўрнидан туриб кетса рўзаси бузилади. Чунки қолган сув ичига кетиб қолиши мумкин. Агар ювгандан кейин орқасини бирор нарса билан артиб, ўрнидан турса рўзаси бузилмайди;
- рўзадор аёл пахтани жинсий аъзосига қўйиб, уни ичига киритиб юборса рўзаси бузилади, пахтанинг бир тарафи ташқарида турса рўза бузилмайди;
- рўзадорнинг орқасига термометр ёки ҳароратни ўлчовчи тиббий жиҳозни киритилса рўза очилмайди;
- эркак ва аёлнинг орқаси ҳамда олди томонидан тиббий боғлама муолажалари киритилса рўза бузилади.
- рўзадорнинг териси орқали кирган нарса рўзасини бузмайди. Агар сувнинг совуқлигини ичида сезса ҳам рўзаси очилмайди. Шу каби юз терисини ёғласа ёки сурма қўйса рўза бузилмайди, агарчи оғзида унинг таъмини сезса ёки тупигида рангини кўрса ҳам;
- Дори сотувчи дорихонадаги дориларнинг таъми ва ҳидларини сезса ҳам рўзаси бузилмайди;
- Рўзадор қулоғига ихтиёрсиз кирган сув рўзани бузмайди, аммо қасддан сув киритса рўзаси очилади;
- Рўзадор тамаки ҳидини қасддан ҳидласа ёки ичига киритса, шубҳасиз рўзаси очилади ( “Раддул муҳтор” китоби);
Рўзадор оғзини хурмо, ҳўл ёки қуруқ мевалар билан очиши суннат. Сув билан ҳам очиш жоиз. Бир оз тамадди қилгандан сўнг шом намозини адо қилиш суннатга мувофиқдир.
Фатво ҳайъати
Cавол: Иссиқ ҳавода кўп юриш натижасида айрим одамларда икки оёғи ораси қизариб, ачишади. Эҳромда шундай ҳолатда малҳам, вазелин каби нарсалар суртса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эҳромдаги киши сиз айтгандек ҳолатга тушиб қолганда ёки товони ёрилганда хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мумкин. Бунда ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди. Агар хушбўй малҳам ёки вазелиндан фойдаланса, бунда садақа қилиши лозим бўлади. Агар кўп марта суртса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлган инсон имкон қадар хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақида фуқаҳоларимиз бундай дейдилар:
وَلَوْ دَاوَى بِهِ جُرْحَهُ أَوْ شُقُوقَ رِجْلَيْهِ فَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِ ؛ لِأَنَّهُ لَيْسَ بِطِيبٍ فِي نَفْسِهِ إنَّمَا هُوَ أَصْلُ الطِّيبِ أَوْ طِيبٌ مِنْ وَجْهِ فَيُشْتَرَطُ اسْتِعْمَالُهُ عَلَى وَجْهِ التَّطَيُّبِ.
“Эҳромдаги киши жароҳат, оёқ ёриқларини зайтун ёғи билан ёғласа, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Чунки у хушбўйлик эмас, балки хушбўйлик олинадиган нарса ёки бир жиҳатдангина хушбўйлик холос. Каффорат вожиб бўлишлиги учун уни хушбўйланиш учун истеъмол қилган бўлиши шарт” (“Ҳидоя” китоби).
Аллома Камол Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эҳромдаги инсон ёғ ёки сиркани еса, жароҳати ёки товонидаги ёриқларига суртса ё қулоғига томизса, унга ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди” (“Фатҳул Қодир” китоби).
Мулла Али ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
ولو تداوى بالطيب او بدواء فيه طيب غالب ولم يكن مطبوخا فألزقه بجراحته يلزمه صدقة اذا كان موضع الجراحة لم يستوعب عضوا
“Агар хушбўй нарса билан ёки хушбўйлик ғолиб бўлган нарса билан даволанса ва улар оловда пиширилган бўлмаса, сўнг уни жароҳатига ёпиштирса ва жароҳат бир тўлиқ аъзони ташкил қилмаган бўлса, садақа лозим бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.