ЎМИнинг Татаристон Республикасидаги вакили Муҳаммадюсуф Хушвақов ТР Мусулмонлари диний идораси қошидаги "Хузур" нашриёт уйи раҳбари Ришад Хамидуллин таклифига биноан ушбу нашриёт матбаасида бўлди.
Ришад Хамидуллин учрашувда нашриёт уйи фаолияти ҳақида, унда чоп этилаётган даврий нашрлар, китоб ва рисолалар ҳақида таништирди.
"Хузур" нашриёт уйи раҳбари диний йўналишдаги маърифий ва нашр ишлари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси улкан бой тажрибага эга эканини эътироф этди. Ўзаро суҳбатда икки диний идора ўртасида нашр ишлари бўйича ҳамкорлик ва тажриба алмашув имкониятлари хусусида келгусида соҳа мутасаддилари билан музокаралар олиб бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашувда М.Хушвақовнинг 2022 йил 12 июль куни “muslim.uz” сайтига жойлаштирилган “Татаристон Республикасида Қурбон ҳайити байрами қандай нишонланди?” номли мақоласи ижобий таассуротга эга бўлгани эътироф этилди. Келгусида ҳам шу тарзда ЎМИ ва ДУМ РТ фаолиятига оид, ўзбек ва татар мусулмонлари ҳаётига оид аҳамиятли хабар ва маълумотлар “muslim.uz” сайти ҳамда “dumrt.ru” ва "huzurtv.ru" ахборот каналларида жойлаштириб бориш бўйича беғараз ҳамкорлик ишларини ташкил этиш таклиф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзи оилаларда кўрадиган ҳолатларимиздан бири, агар аёл касал бўлиб қолса, эри уни аёлнинг уйига олиб бориб қўяди. Тузалганидан кейин эса ўзининг уйига қайтариб олиб келади. Бундай иш тутиш мурувват соҳибларига асло ярашмайдиган ишдир. Бунда аёлнинг нафсига азият бериш бордир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Бадр ғазотида қатнашмадилар, ғоиб бўлдилар. Чунки у зотнинг аёллари Руқайя бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ бетоб эдилар...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга: “Сенга Бадрга қатнашган ва ўқ отган кишининг ажри бўлур”, деганлар.
Энди ўйлаб кўр, Аллоҳ сени ва мени раҳм қилсин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб (бемор) аёлини ёнида бўлиш ва унга қарашни Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳиднинг ажри билан тенг ўринга қўйганларига қара!
Ҳар қандай жангчи эмас, балки Бадрда иштирок этган жанги билан (тенг ўринга қўйдилар). Аллоҳ таоло Бадр аҳлига назар солган ва бу ғазот ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига қарата: “Аллоҳ Бадр аҳлига қарата “Истаганингизни қилинг, сизларни мағфират қилдим” деди”, деган эдилар.