2022/2023 ўқув йили учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари ва бакалавриатга қабул қилиш жараёнини янада соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар тўғрисида
МАЪЛУМОТ
Хабарингиз бор, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил қилинган. Мазкур Фармоннинг аҳамияти шундаки, 1999 йилдан буён Тошкент ислом университети ва кейинчалик бир муддат Ўзбекистон ислом академияси сифатида фаолият юритган мазкур олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот марказига ХАЛҚАРО АКАДЕМИЯ мақоми берилиб, кенг кўламли қўшимча вазифалар юкланди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга бўлиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятига кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг халқаро конференция, илмий семинарлар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди. Хорижлик профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторант ва илмий-тадқиқотчиларнинг академия ўқув жараёнига жалб этилиш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий салоҳияти 66 фоизни ташкил этади. Айни пайтда Академияда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар”, “Мумтоз шарқ филологияси” ҳамда “Исломшунослик” факультетлари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида 10 та кафедра фаолият юритмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 1 минг 670 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 1 минг 430 нафар талаба бакалавриат, 240 нафари эса магистратура босқичида ўқийди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-279-сон қарори қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” Ф-60-сон Фармойиши қабул қилинди.
Унга мувофиқ, кундузги таълим шакли бўйича жами 14 та таълим йўналиши бўйича 300 та қабул квотаси ажратилди. Жумладан, “Диншунослик” 25 та, “Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, ислом тарихи ва манбашунослиги)” 50 та, “Филология ва тилларни ўқитиш (араб тили)” таълим йўналишлари бўйича 30 та қабул квоталари белгиланди.
Аҳамиятлиси, жорий йилдан илк маротаба “Матншунослик ва адабий манбашунослик (араб тили)”, “Журналистика (халқаро журналистика)”, “Юриспруденция (ислом ҳуқуқи)”, “Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Мультимедиа технологиялари)” таълим йўналишларига қабул ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, илк маротаба 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатининг сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқнланди. Унга кўра, 9 та таълим йўналишига жами 250 та қабул квотаси ажратилди. “Ислом иқтисодиёти ва молияси”, “Тарих (ислом тарихи ва манбашунослиги)” йўналишлари шулар жумласидандир.
Ёшларни олий таълим билан янада кенгроқ қамраб олиш, олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатининг масофавий таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди. “Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, ислом тарихи ва манбашунослиги)”, “Ислом иқтисодиёти ва молияси”, “Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Мультимедиа технологиялари”)” каби 3 та таълим йўналишига жами 250 та қабул квотаси белгиланди.
Шу билан бирга 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасининг кундузги таълим шаклининг 12 та мутахассислиги бўйича 140 та қабул квотаси ажратилди. “Журналистика (интернет журналистика)”, “Ташқи иқтисодий фаолият (тармоқлар ва фаолият йўналишлари)”, “Ислом ҳуқуқи” мутахассисликлари мазкур ўқув йилидан эътиборан илк бор Академияда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг 2022 йил 4 июлдаги 1 сон мажлис баёнига асосан, камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар учун 3 та, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти асосида турли таълим шакллари бўйича 17 та, “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) учун қўшимча бир фоизли давлат гранти асосида 7 та, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари учун қўшимча беш фоизли давлат гранти асосида 5 та, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлганлар учун барча таълим шакллари бўйича 39 та ҳамда божхона хизматига салмоқли ҳисса қўшган, иш жараёнида маълум бир натижаларга эришган, божхона органларида хизмат қилаётган ходимларнинг фарзандлари учун 2 та қабул квотаси ажратилган.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бошқа олий таълим ташкилотлари билан интеграциясини ривожлантириш, абитуриентлар учун эркин ва адолатли танлов муҳитини яратиш ҳамда қабул жараёнларини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш жараёнини янада соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 386-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Академияда дастлабки имтиҳонни таълим шаклидан қатъий назар фақат диншунослик ва исломшунослик бакавриат таълим йўналишлари учун татбиқ этилади. Шунингдек, бошқа таълим йўналишлари абитуриентлари учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳони бўйича турдош таълим йўналишлари танлови кенгайтирилди.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнлари давом этмоқда.
Ислом дини жамоат, иттифоқлик, дўстлик ва меҳр-оқибат динидир. Бир маҳалла, бир уйда яшайдиган қўшнилар инсонга яқин биродаридан ҳам яқинроқдир. Қўшнилар ўртасидаги ўзаро тотувлик, яхши алоқалар жамиятнинг салоҳияти ва кучи бўлишини таъминлайди. Зероки, Ислом дини қўшниларга эътибор бериш, ўзаро ёрдам ва самимий алоқаларни тиклашга чақиради ва бу орқали бирлик, иттифоқда бўлган кучли жамиятни барпо қилишни талаб қилади.
Бас шундай экан ҳар бир мусулмон қўшнисига эътибор бериб, уларга гўзал муомала қилиши ва шариатга зид келмаган ҳақларини адо этиши керакдир. Қўшнисига ёмонлик қилиш, озор бериш мусулмоннинг хулқи эмасдир.
Имом Бухорий ва Муслим ўз саҳиҳларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оиша розияллоҳу анҳолардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар:
وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ وَعَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَا: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرَّثُهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни менга меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар. Муттафақун алайҳи.
Қўшниларининг ҳақларига риоя қилмаслик, уларга ёмонлик қилиш, озор бериш мусулмонни энг ёмон, аянчли оқибатларга олиб келади. Мусулмон учун имон сифатидан мосуво бўлишдан ҳам аянчли оқибат бўлмаса керак?! Имондан маҳрум бўлишдан, охиратда жаҳаннамга улоқтирилишдан ҳам улкан ҳалокат бўлмаса керак?! Бу ҳолга тушишдан Аллоҳ асрасин!
Бундай аянчли ҳолатга тушиб қолишдан огоҳлантириб, бундай паст, разил ишлардан қайтариб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: واللهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لَا يُؤْمِنُ قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ ، مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!” деганларида, “Ким у, ё Аллоҳнинг Расули?” дейилди. Шунда у зот: “Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши”, дедилар. Муттафақун алайҳи.
Ҳадисдан биз ўрганган фойдали ўгитлар:
1. Қўшнилар билан ўзаро тотувликда яшаш.
2. Қўшнига гўзал муомала қилишнинг зарурлиги.
3. Қўшнилар билан яхши, самимий алоқалар ўрнатиш, қўшниларга эътибор бериш, қийинчилик вақтида, туй ва маросимларда ёрдам қўлини чўзиш.
4. Қўшнининг шундай ҳақлари борки, уларга риоя қилиш мусулмоннинг вазифасидир.
5. Ким қўшнисига озор берса, унинг имони мукаммал эмас.
6. Қўшнига ёмонлик қилиш мусулмон ахлоқига зиддир.
7. Ҳар бир мусулмон киши қўшниларига эътибор бериб, уларга гўзал муомала қилиши ва ҳақларини адо этиши. Қўшнининг ҳақларидан: салом бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, шариатга зид келмаган маросим ва муносабатларда иштирок этиш ва уларда кўмаклашиш.
8. Қўшни зинасидаги чироқни ўчириб қўйиш, озор берадиган даражада телевизор ва радио овозини баланд қилиш, қўшнининг аёли ва қизларига назар солиш, қўшниларни пойлаб, жосуслик қилиш, истироҳат вақтларида шовқин солиш, ўйин ўйнаш каби ҳолатлар билан қўшниларга озор бермаслик.
Бекназар Муҳаммад Шакур,
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси.