Дубайда ғайриоддий янги бинонинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Майдони 55000 м2 бўлган янги Муҳаммад бин Рашид кутубхонаси Араб дунёсидаги янги йирик кутубхонага айланди.
Тўққизта ихтисослашган кутубхонани бирлаштирган муассасада араб ва хорижий тилларда 1,1 миллиондан ортиқ босма ва рақамли китоблар ва 6 миллионга яқин илмий ишлар мавжуд. Шунингдек, кутубхонада 75 000 та видео, 5 000 та тарихий журнал ва 500 та ноёб коллекция мавжуд.
Бино нафақат қисман қуёш энергияси билан ишлайди, балки истеъмол қилишнинг 50 фоизигача чиқиндилар сонини қисқартиришга имкон берадиган сувни қайта ишлаш тизимига эга. Бундан ташқари, кутубхонага кираверишда роботлар ходимларни алмаштиради, меҳмонларни севимли китобларига йўналтиради. Бино турли хил мавзули хоналарга бўлинган ва кўплаб ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскалари билан жиҳозланган.
Islam.ru хабарига кўра, 260 миллион еврога тенг ушбу улкан лойиҳани бунёд этишга бош-қош бўлган Амир Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум, шунингдек, минтақадаги энг муҳтож мактабларга уч миллион дона китоб тарқатилишини эълон қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг Swift News интернет нашри ҳаж мавсумида зиёратчиларимизга кўрсатилаётган эътиборни кенг ёритди. Мақола аввалида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, ўзаро ташрифлари ва самимий мулоқотлар ҳақида сўз юритилган.
Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаж квотаси 3 баробар оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар фуқаро ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этиши юқори баҳоланган.
Жорий мавсумда Мадина шаҳрига етиб келган бўлажак ҳожиларимиз катта эҳтиром ила кутиб олинаётгани, зиёратчилар республикамизнинг 9 та халқаро аэропорти орқали мунаввар шаҳарга кузатилаётгани қайд этилган. Шунингдек, муборак сафар мобайнида ҳар бир тадбир аниқ режа асосида, юксак савияда амалга оширилаётгани, ташкилий-ҳужжат ишлари, тоату ибодатлар, истиқомат, озиқ-овқат, тиббиёт ва транспорт хизматлари юқори сифат ва даражада йўлга қўйилганига урғу қаратилган.
Қисқача айтганда, араб нашрида чоп этилган мақолада мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларига катта эътибор берилиб, мўмин-мусулмонларнинг улуғ амалларини мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар ҳозирлангани, бундан нафақат юртимиз аҳли, балки саудиялик мутасаддилар ҳам мамнун экани баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати