Бугун, 3 июнь куни “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳаж квотаси ҳам маълум қилинди.
Брифингда, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий ҳаж мавсуми учун ҳаж квотасининг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун жуда катта хушхабар бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Ҳажарул асвад рўпарасида қўл қай шаклда кўтарилади. Одамларда ҳар хилини кўрамиз. Аслида қандай бўлиши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавофни бошлашда Ҳажарул асвадни истилом қилиш (ўпиш ё силаш) суннат ҳисобланади.
Истилом агар ҳеч кимга ва ўзига ҳам азият бермайдиган бўлса, Ҳажарул асвадни ўпиш билан бўлади. Бунинг имкони бўлмаса, қўли билан ушлайди ва қўлини ўпади. Бунга ҳам имкон бўлмаса, ҳассага ўхшаш бирор нарсани Ҳажарул асвадни теккизиб, ўшани ўпади. Агар унинг ҳам иложи бўлмаса, узоқдан туриб, икки қўлини худди намозга такбир айтиб қўл кўтараётгандек кўтариб, бисмиллаҳ, такбир (Аллоҳу акбар), таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади. Баъзи уламолар бундан кейин икки кафтини ўпади дейишган.
“Иршодус сорий” китобида истиломнинг сифати тўлиқ айтилиб, узоқдан туриб, истилом қилишни қуйидагича тушунтирилган: “Ҳажарул асвадга юзланиб, Аллоҳу акбар дейиш вақтида икки қўлини елкаси ёки қулоқлари баробарига кўтаради. Намозда кўтаргандек кўтаради. Икки кафтини ҳажарул асвадга қаратади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази