Саудия Aрабистони туризм ахборот агентлигининг “TNA_media24” Тwиттердаги саҳифасида “Ўзбекистон – дунёдаги энг муҳим зиёрат туризми масканларидан бири” деган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг гўзал табиати, ранг-баранг иқлими ва қадимий тарихи билан хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қилади. “Бу мамлакат ислом ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва зиёлилари, қадимий Ипак йўли бўйидаги савдо ва маданият марказлари, карвонсарой саройлари, муҳташам масжид ва мадрасалари билан ҳам машҳур”, – дейилади нашрда.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан туризмни, айниқса, зиёратни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўплаб сайёҳларни жалб қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қатор қарор ва фармонлари қабул қилинган. Улар саноат ривожи учун намуна бўлиб хизмат қилади”.
Мақолада хабар қилинганидек, 2019-йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида биринчи Халқаро зиёрат туризми форуми бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 130 дан ортиқ давлатидан ислом уламолари, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этди. Тадбир якунида қабул қилинган Бухоро декларациясида Ўзбекистон жаҳондаги зиёрат туризмининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилган.
“Ҳар йили Cресcент Ратинг ва Мастерcард компаниялари томонидан эълон қилинадиган Халқаро ислом туризми танловига кўра, Ўзбекистон дунёда 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилди. “Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида жозибадорлик, хавфсизлик ва бағрикенглик кўрсаткичлари бўйича дунёнинг етакчи 10 та давлати қаторидан жой олди”, - дея хулоса қилади “TNA_media24”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази