بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини бўлмиш Исломни мукаммал, унинг аҳкомларини тўкис қилиб берди. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонлар учун берган битмас-туганмас неъматидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا
яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси 3-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом динини мукаммал қилиб, унинг томирини ерга мустаҳкам жойлаган ва шохларини осмонга қадар етган дарахт каби қилган.
Суннат бу динда юриладиган йўлдир. Ким энг тўғри йўлда юрмоқчи бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юриши лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
﴿أمَا بَعْدُ، فَإِنَّ خَيْرَ الْحَدِيْثِ كِتَابُ اللهِ، وَخَيْرَ الهَدْيِ هَدْيُ مُحَمَّدٍ، وَشَرَّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٍ﴾
(رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه)
яъни: “Аммо баъд, албатта сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо чиқарилганидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Қуръони каримнинг қирқдан ортиқ ояти карималарида мўмин-мусулмонлар Расулимиз алайҳиссаломга итоат қилиш ва эргашишга буюрилган. Жумладан, Ҳашр сурасида бундай дейилган:
وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
яъни: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Ҳашр сураси 7-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш, у зот келтирган шариатларига амал қилиш шариатимиз талабидир. Бу ҳақда Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Фаришталарнинг баъзилари: “Бу киши ухлаяпти”, дейишди. Баъзилари эса: “Кўзлари ухлоқ, қалблари уйғоқ”, дейишди. Кейин фаришталар: (Пайғамбаримизга ишора қилиб): “Мана шу биродарингизга бир масал бор. Қани бир зарбулмасал келтирингларчи”, дедилар. Шунда фаришталар: “Албатта, бу киши ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам кўрмайди”, дедилар. Баъзи фаришталар: “Бу гапни таъвил қилинглар, тушунсин”, дейишди. Бошқа фаришталар: “Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунинг учун У Зот алайҳиссаломдан келаётган дин йўлига хилоф равишда янгиликлар жорий қилиш қаттиқ қораланади ва рад этилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
﴿ مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ ﴾ (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَة رضي الله عنها)
яъни: “Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у қайтарилган”, –дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифдаги “Ушбу ишимиз” деганда дин, шариат назарда тутилган. “Унда йўқ нарса” деганда шариатда мутлақ бўлмаган ёки шариатнинг умумий қоида ва далиллари далолат қилмаган амал тушунилади.
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олимларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:
وَمَعْنَى الْحَدِيْثِ: أَنَّ مَنْ أَحْدَثَ فِي الْإِسْلاَمِ رَأْياً لَمْ يَكُنْ لَهُ مِنَ الْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ سَنَدٌ ظَاهِرٌ أَوْ خَفِيٌّ مَلْفُوظٌ أَوْ مُسْتَنْبَطٌ فَهُوَ مَرْدُودٌ عَلَيْهِ
яъни: “...Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир”.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”.
Энди бевосита “бидъат” сўзини таърифига киришадиган бўлсак, “бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:
اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
яъни: “Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).
Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан.
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, – деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом – Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар – “бидъати ҳасана” бўлади. Яъни, мақталган, яхши бидъат саналади.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир.
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бир ишни кўрганда унга нисбатан бидъат ёки бидъат эмас деб ҳукм қилишга шошилмаслик керак. Чунки бу борада уламолар томонидан жорий этилган қоида ва асослар бор. Шундан келиб чиқиб шуни айтамизки, юртимизда баъзи бир одатлар борки, гарчи шариатда у айни шу шаклда собит бўлмаган бўлса-да, шариатимизнинг умумий асосларга зид келмайди. Бунга мисол қилиб намоздан кейин қироат қилиш ва жамаовий дуо қилишни келтиришимиз мумкин. Мадомики, мусулмонлар бу одатларни албатта шундай шаклда собит бўлган деб эътиқод қилмасдан амалга оширсалар бидъат ҳисобланмайди. Шунинг учун бу одатлар юртимизда бир неча асрлардан бери уламолар тарафидан инкор этилмай давом этиб келмоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини Ўз суннатлари (тутган йўллари)ни маҳкам ушлаш ва Расулимиздан кейин ўтган улуғ зотларнинг йўлларида бардавом бўлишга чиқириб, бундай деганлар:
﴿ عَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ ﴾
(رواه الإمام الترمذي عن عرباض بن سارية رضي الله عنه)
яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар” (Имом Термизий ривоятлари).
Акс ҳолда суннатлар унутилиб, ҳар хил бидъат ва хурофотлар кўпаяди. Зеро, бу борада Амр ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
﴿مَنْ أَحْيَا سُنَّةً مِنْ سُنَّتِي قَدْ أُمِيْتَتْ بَعْدِي فَإِنَّ لَهُ مِنَ الْأَجْرِ مِثْلَ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِ النَّاسِ شَيْئًا وَمَنْ اِبْتَدَعَ بِدْعَةً لاَ يَرْضَاهَا اللهُ وَرَسُولُهُ فَإِنَّ عَلَيْهِ مِثْلَ إِثْمِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ آثَامِ النَّاسِ شَيْئًا﴾
яъни: “Мендан кейин унутилган суннатлардан бирини ким амалга тадбиқ қилса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади ва бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди. Ким Аллоҳ ва Расули рози бўлмайдиган бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади.
Ҳозирги кунда баъзиларнинг илмсизлик оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келмоқда. Масалан, баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Хусусан, баъзи ҳудудларда инсон вафотидан кейинги уч кун ичида маросим қилиб меҳмон чақириш одат тусига кирган. Ваҳоланки, бундай қилиш шариат ҳукмларига зиддир. Бу ҳақда “Хулосатул фатово” китобида бундай дейилган:
وَلاَ يُبَاحُ اِتِّخَاذُ الضِّيَافَةِ عِنْدَ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ، لِأَنَّ الضِّيَافَةَ تُتَّخَذُ عِنْدَ السُّرُوْرِ
яъни: “Мусибат етгандан кейин уч кун ичида одамларга зиёфат қилиб беришга рухсат этилмайди. Чунки зиёфат хурсандчилик кунлари қилинади”.
Маййитни дафн қилмай бир неча кун ушлаб туриш ҳам суннатга хилоф одатлардандир. Шунингдек, янги уй ёки маркаб сотиб олганда бирор жонлиқ сўйиб, қонини уй ёки маркабнинг устидан оқизиш ҳам хорофотлардандир. Аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. Шунингдек, халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний раҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи ўз бидъатида қанча тиришса, Аллоҳдан шунча узоқ бўлади”, – деганлар.
Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган амалларни муяссар айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин! Омин!
Юклаб олиш:
Sunnatga_ergashish_va_bidatning_zararlari.doc
Sunnatga_ergashish_va_bidatning_zararlari.pdf
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди