Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қатори бухороликлар ҳам эрта тонгдан вилоятдаги 103 та жоме масжидда Ҳайит намозини ўқишди. Унда 95 минг нафардан зиёд намозхонлар қатнашди.
Ўқилган намозларда аҳоли учун барча қулай шароитлар яратилди. Масжидлар атрофи ободонлаштирилди.
Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, руҳий покланиш ойи ҳисобланган ушбу қутлуғ кунларда бухоролик уламолар, имом-хатиблар, муҳтарам фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида дуолар қилинди.
Ҳайит байрами арафасида “Вақф” хайрия фонди, шунингдек, ташаббускор ҳомийлар томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга, 15 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ёрдам кўрсатилди. “Мурувват” уйларида хайрия тадбирлари амалга оширилди.
Шунингдек, муқаддас қадамжо ҳамда қабристонлар ободонлаштирилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА
Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.
Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.
Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.