Ҳанафий-Мотуридий мазҳаби Сайфул-Ҳақ (Имом Абул-Муъин Насафий) роҳимаҳуллоҳ давридан кейин Бухора мадрасасидан истифода олишлик билан бир қаторда умумий тарзда Самарқанд мадрасаси фикрлари устида қарор топади. Мутаъаххир уламоларнинг наздида бу икки мадраса ўртасида билдирилган фикрлар ва айтилган гаплар ичида Самарқанд мадрасасининг сўзи рожиҳ (устун) ҳисобланган.
1 – “Ал-Жумал мин усулуд-дин” – Имом Абу Салама Самарқандий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб бир неча муҳим масалаларни зиёда қилиш билан “Тавҳид” китобининг мухтасарига ўхшайди.
2 – “Тамҳид” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб имомнинг “Табсиратул адилла” асарига хулоса ҳисобланади ва ушбу китобга иккита шарҳ битилган: Имом Сиғноқий роҳимаҳуллоҳнинг “Тасдид” асари (бу китоб ҳақида қуйида тўхталамиз) ва Имом Бағобакий роҳимаҳуллоҳнинг ёзган шарҳлари. Бу шарҳ барча учун жуда фойдалидир.
3 – “Ан-Нур ул-Ломеъ” – Имом Абу Шужо Носирий роҳимаҳуллоҳ. Бу китоб Имом Ғазнавийнинг “Ақидатут Таҳовийя”га ёзган шарҳи, “Мабоҳисул каломийя фи-тақвимил адилла”, “Табсиратул адилла” ва бир қанча асарлардан муҳим таъвилларни жамлаган.
4 – “Табсиратул адилла” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб имомдан олдин ўтган Самарқанд уламоларининг китобларига (бу китобларнинг аскари бизгача етиб келмаган) хулоса ҳисобланади. Шунингдек, Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг таҳқиқотларини марказлаштирувчи асар саналади. Буни имомнинг ўзлари баён қилиб айтганлар.
5 – “Шарҳу Таъвилот” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китобни Имом Алоуддин Самарқандий роҳимаҳуллоҳ жамлаганлар. Бу китоб “Табсиратул адилла” асаридан сўнг мазҳабнинг энг аҳамиятли асари ҳисобланади. Ўз ичига бошқа китобларда учрамайдиган далиллар ва калом илмига доир фойдаларни олган. Шунингдек, “Табсиратул адилла” асарида батафсил тўхталинмаган калом илмига доир масалаларни ёритиб беради.
6 – “Тасдид фий шарҳи Тамҳид” – Имом Ҳусомиддин Сиғноқий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб Имом Сайфул-Ҳақ роҳимаҳуллоҳнинг давридан Имом Нуриддин Собуний роҳимаҳуллоҳ, Саййид Носируддин Самарқандий роҳимаҳуллоҳ ва Имом Ҳамидуддин Дорир роҳимаҳуллоҳ каби мутааххир уламоларнинг давригача бўлган таҳқиқ қилинган масалаларни жамлаган.
7 – “Тавҳид” – Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ.
8 – “Таъвилоту аҳли сунна” – Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ.
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.