Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларидаёқ бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: «Ўқинг (Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», деган (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
Бугун юртимизда илму маърифат равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилаётгани ҳам мана шу оятларга ҳамоҳанг тарзда Аллоҳнинг амрига итоаткорликдир. Айниқса, таълимни ривожлантиришга берилаётган эътибору ғамхўрлик бу ишларнинг энг хайрлиси ва савоблиси бўлмоқда.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бой меросини, авваламбор, халқимизга, Қолаверса, дунё ҳамжамиятига етказиш ва ёш авлодни улуғ алломалар асарларида акс этган эзгу таълимотлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу муассасага мамлакатимизнинг ислом маданиятида тутган ўрнини, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, бугунги глобаллашув даврида юртимизда ислом динининг ҳақиқий мақомини жамоатчиликка тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш вазифалари юклатилган.
Айни кунда марказда илмий изланишлар олиб борилаётгани, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилиниб, таржималар амалга оширилаётгани Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилаётганидан даракдир.
2018 йил 15 июнь Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази Пойдеворига тамал тоши қўйиб, ушбу Илм-маърифат масканининг ички ва ташқи кўриниши, безатилиши ҳақида долзарб фикр-мулоҳазаларини билдириб, заминимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган яхлит мажмуага айлантириш бўйича зарур топшириқлар берган эди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга сафарбар этилмоқда.
Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиш жараёнлари билан танишиш учун бир неча бор ташриф буюриб, бунёдкорлик ишларини доимий кузатиб келмоқда.
Жорий йилнинг 8 апрель куни муборак Paмазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу марказга яна бир бор келиб, мажмуани кўркам ва сифатли қилиб қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиши кераклигини ҳам қайд этди.
Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази уч қаватли, маҳобатли, қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилаётгани, бу иш қарийб тўрт йилдирки, кенг кўламда давом этаётгани унинг нақадар улкан лойиҳа эканидан далолатдир. Мажмуанинг яқин йиллардан иш бошлаши халқимиз учун ҳам, бошқа мусулмон ўлкалар учун ҳам улкан воқеага айланиши, шубҳасиз. Зеро, бу бунёдкорликлар замирида илму маърифат тарқатишдек эзгу ниятлар мужассамдир.
Иншааллоҳ, тез кунларда муҳташам марказнинг очилишини кўриш барчамизга насиб этсин, омин.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Ҳаётда шундай соҳалар борки, уларни мукаммал эгаллаш учун бутун умр ўқиб-изланиш лозим. Ана шундай касблардан бири имом-хатибликдир. Кимдир бу касб эгаларига осон тутиши мумкин. Лекин етук имом бўлиш учун тўрт йил мадраса, тўрт йил диний олий таълим даргоҳида ўқишнинг ўзи камлик қилади. Чунки имом ўзи учун ҳам жамоат учун Аллоҳ олдида бурчли бўлса, эл олдидига жавобгарлик ҳам катта масъулият юклайди. Бу масъулият ва халқ ишончини оқлашнинг бирдан бир йўли илм ва тақводир.
Сўнгги йилларда илм-фаннинг барча йўналишлар қатори диний-маърифий хусусан, шариат, фиқҳ, ақоид каби илмларни ўрганиш учун кенг йўллар очилди. Бу борада Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби, Имом Мотуридий маркази қошида Калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф мактаби, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этилиши ўз самарасини бериб келаётир. Чунки имом-хатибларнинг мадраса ва олий таълим даргоҳида олган билимларини мустаҳкамлаш, уларни янада чуқурлаштириш, янги замонавий диний масалаларни кенг ўрганишда мазкур мактаблар муҳим аҳамият касб этяпти. Бир сўз билан айтганда, бу мактаблар имом-хатибларни чин маънода соҳанинг етук эгасига айланишига замин бўлаётир.
Айни кунда Фарғона вилоятидаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактабида йигирмадан ортиқ водийлик имом-хатиблар ўз иш жойларидан узилмаган ҳолда диний билимларини яна мустаҳкамлаб, фиқҳ илмини чуқурроқ ўрганмоқдалар. Уларга тажрибали имом-хатиблар Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Иброҳимжон домла Қодиров ва Аҳмадхон домла Низомовлар устоз-шогирд анъанаси асосида таълим бермоқдалар. Шу кунга қадар тингловчилар мазкур устозлар кўмагида “Мухтасарул-виқоя”, “Алфиқҳул-акбар” китоблари ўқиб тугатишди. Айни вақтда “Канзул-дақоиқ” ва Мулла Алий Қорининг “Алфиқҳул-акбар”га ёзган “Шарҳул фиқҳил Акбар” китоблари мутолаа қилиниб, асарлар батафсил ўранилмоқда. Ушбу асарлар Аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосида мўмин-мусулмонларни тўғри ақида ҳамда динимиз таълимотларига амал қилишда васатий тарзда юришларида асосий манбалардир.
Таъкидлаш жоизки, имом-хатибларнинг мазкур илм даргоҳида олаётган билим ва малакалари фаолиятлари учун ниҳоятда манфаатли бўлмоқда. Зеро, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб адашган юртдошларимизни тўғри йўлга бошлаш, мўмин-мусулмонларга Аҳли сунна вал-жамоа ва Ҳанафий фиқҳи асосида ислом таълимотларини етказиш, долзарб мавзуларда чиқиш қилиш, мақолалар ёзишда бу даргоҳдан олинаётган илмий ва ҳаётий тажрибалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, турли учрашувлар ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида ҳам мазкур илмий мактабда ҳосил қилинган билим ва кўникмалар асқотмоқда. Имом-хатиблар ўртасидаги билимлар беллашувида ҳам мазкур мактаб тингловчилари ўзини ҳар томонлама намоён этаётгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга мактаб тингловчиларининг бир қанчаси илмий изланишларда давом этиб, ўз тадқиқотлари билан динимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Маълумки, илк ўрта асрларда Фарғона водийсида фиқҳ мактаби шаклланиб, буюк алломалар етишиб чиқди. Биргина Бурҳониддин Марғиноний ислом хуқуқшунослиги борасида беқиёс асарлар таълиф этгани барчага маълум. Бугун у кишининг “ал-Ҳидоя” асари бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб, ислом ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, мукаммал асар сифатида тан олинган.
Бугун ҳам мазкур анъаналар қайта тикланиб, юртимиз яна илму маърифат, олим уламолар диёрига айланаётгани қувонарли ҳолдир.
Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот котиби
(Ҳидоят журнали, 12-сон)