Бугун, 5 апрель куни “Янги Ўзбекистон” боғида кўчат экиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, турли миллат вакиллари ва диний конфессия етакчилари иштирок этдилар.
Маросимда муфтий ҳазратлари тадбир иштирокчилари қатори ушбу ҳудудда ташкил этилган "Бағрикенглик боғи"га турли дарахт кўчатлари ўтқаздилар ва бундай хайрли амаллар бардавом бўлишини сўраб дуо қилдилар.
Мазкур тадбир Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш керак. Зеро, ушбу ташаббус барча юртдошларимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирди, десак янглишмаган бўламиз.
Чунки айни баҳор кунлари юртимизда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари диёримизнинг янада яшиллика бурканишига сабаб бўлмоқда. Лойиҳага кўра, келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчат экиш мақсад қилинган бўлиб, айни кунларда лойиҳа доирасида кўплаб кўчат экиш, ҳудудларни обод қилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Мазкур хайрли лойиҳа доирасида шу йил 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти ҳам қабул қилинди. Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилиб, динимиз таълимоти асосида барчани ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақириш баробарида, қишлоқ-овуллармиз, маҳалла-кўйларимизни обод қилиш орқали юртимизни боғу бўстонга айлантириш назарда тутилган.
Ушбу савобли лойиҳада юртимиздаги барча масжиду маҳаллаларда уюшқоқлик билан давом этиб, масжидлар ҳудудида яшил маконлар ташкил этиш ва кўчат экиш ишлари фаол давом этмоқда.
Зеро, Ислом динимиз ҳам ерни обод қилиш, кўчат ўтқазиш масалаларига алоҳида фазилатли амал сифатида қарашини Муфтий ҳазратлари таъкидладилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса, ёки экин экса, ундан бирон инсонми, қушми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа қилинганнинг савоби бўлади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ўзгармас ҳукмлар» нима дегани? Ҳақиқатда ҳам фиқҳда ихтилофлар кўп. Лекин шундай масалалар борки, уларга барча иттифоқ қилади, бир ҳукмга ижмоъ қилади. Бундай масалаларда тафовутни, ихтилофни қабул қилмаймиз. Уларда фақат ва фақат ягона фикр, ягона ҳукм бўлади. Фиқҳнинг устунлик сири ҳам айнан шунда: унда икки жиҳат бор. Биринчи жиҳат – фиқҳнинг универсаллиги, мослашувчанлиги бўлса, иккинчи жиҳати – кўплаб масалаларда собитлиги, ўзгармаслигидир. Агар биз мана шу мослашувчанликни ва ихтилофни буткул тарк қилсак, юқорида кўрганимиздек, катта муаммоларга дуч келамиз. Иккинчи жиҳатни, яъни собитлик ва ўзгармасликни тарк қилсак, бошқа бир муаммога дуч келамиз. Мана, таҳаллул йўналишида ўзгармас ҳукмлар деган тушунча умуман йўқ. Биринчи тоифа ҳеч қандай ихтилофни қабул қилмай, ҳамма нарсага ташаддуд билан ёндашади, ўзига мухолиф бўлганларни адашганга, кофирга чиқаради, мазҳабларни ҳам тан олмайди. Иккинчи тоифада эса савобитлар, яъни ўзгармас ҳукмлар йўқ. Аҳли сунна ўша собит ҳукмларни «ижмоъ» деб атайди, яъни ҳамма мазҳаблар бу масалаларда ижмоъ қилишган. Биз уларни четлаб ҳам ўта олмаймиз, уларда ихтилоф бўлишини қабул ҳам қилмаймиз. Бирорта қози бу каби масалада ижмоъдан ташқарида ҳукм чиқарса, унинг ҳукми ўтмайди ҳам. Қозининг ҳукми ихтилоф қилинган масалалардагина ўтади. Таҳаллулчилар наздида эса биронта собит ҳукм йўқ, шунинг учун уларда ижмоъ деган тушунча ҳам йўқ.
Масала фиқҳ илмини ўрганишнинг ҳукми ҳақида. Бу ерда муҳим бир баҳс бор. «Фиқҳни ўрганиш фарзи кифоя, баъзилар ўрганса, қолганлардан соқит бўлади», деймиз. Лекин бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керак: муайян ҳолатга тегишли ўринларда унинг фиқҳини ўрганиш фарзи айн бўлади, яъни ҳар бир мусулмон фиқҳдан ўзининг ҳолатига кифоя қиладиган миқдорда илм ўрганиши шарт. Масалан, таҳорат, намоз, рўза каби ибодатга оид масалаларни, никоҳ, савдо-сотиқ каби муомалот масалаларини билиш фарзи айн. Буни уламолар «Илми ҳол» (ҳолат илми) деб аташади, яъни сизга ҳозирги ҳолатингизда ўрганиш шарт бўлган илм, дегани. Шунга кўра, фарзи айн сифатида ўрганишимиз энг керак бўлган илм фиқҳ илми бўлади.
Илми ҳол фарзи айн бўлган илм сифатида юқоридаги мавзуда зикр қилинган учала илмга ҳам тааллуқлидир: ўзингизга етарли миқдорда фиқҳ илмига, ўзингизга етарли миқдорда ақоид илмига ҳамда ўзингизга етарли миқдорда тазкия ва тарбия (нафсни поклаш, тарбия қилиш) илмига эҳтиёжингиз бор. Тазкия деганда, ихлосга интилиш, масалан, ғийбат ва чақимчиликдан сақланиш кабилар тушунилади. Буларнинг ҳаммаси илми ҳолга кириб кетади. Бу учала илмдаги барча маълумотларни эмас, балки мусулмон одамга айни вақтда, шу бугун керак бўлиб турган қисмини билиш фарзи айндир.
Хўш, бу нима дегани? Аҳли сунна сифатида биз дуч келаётган энг катта муаммолардан бири мана шу илми ҳолнинг йўқолиб бораётганидир. Унга эришишнинг энг зарурий йўли эса динни ўргатишдир. Динни ўргатиш деганда, илми ҳолни ўргатиб, мусулмонлар орасида ёйишни назарда тутяпмиз. Баъзи одамларни кўрасиз, ташқи кўринишидан мусулмон, лекин шариат аҳкомларини умуман билмайди. У бошқалардан нимаси билан ажралиб туради? Албатта, солиҳ амаллари билан. Солиҳ амал эса шариатга мувофиқ бўлиши керак.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан