Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2025   |   11 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:53
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2025, 11 Шаввол, 1446

ЛАЪНАТ АЙТИШНИНГ ХАТАРЛИ ЭКАНИ

03.03.2022   5922   11 min.
ЛАЪНАТ АЙТИШНИНГ ХАТАРЛИ ЭКАНИ

ЯЗИД ИБН МУОВИЯ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАР

- وَلَمْ يَلْعَنْ يَزِيدًا بَعْدَ مَوْتٍ     سِوَى الْمِكْثَارِ فِي الإِغْرَاءِ غَالِي

 

Маънолар таржимаси:

Язидга ўлимидан кейин гиж-гижлашда қаттиқ мутаассиб, ўта сергап (кимсалар)дан бошқалар лаънат айтмаган.

 

Назмий баёни:

Язидни вафотидан сўнг лаънатлашмаган,

Мутаассиб сергаплар мустасно бундан.

 

Луғатлар изоҳи:

لَمْ – нафий, жазм ва қалб[1] ҳарфи.

يَلْعَنْ – музориъ мажзум феъли. Лаънат айтиш луғатда “қарғаш”, “узоқлаштириш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода ишлатилади:

– Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштириш. Бу маънода фақат иблис сингари кофирлиги аниқ бўлган кимасаларга нисбатан ишлатилади;

– Яхшилар даражасидан узоқлаштириш. Бу маънода зулм қилган мусулмонларга нисбатан ишлатилади.  

يَزِيدًا – мафъул. Бу исм “алам”лик ва “вазни феъл”ликка кўра ғойри мунсориф ҳисобланади. Аммо ушбу ўринда назм заруратига кўра танвинли бўлиб турибди. 

بَعْدَ – зарфи замон.

مَوْتٍ – музофун илайҳ. Ўлим деганда ҳаёт сифатидан ажралиш тушунилади. Шунингдек, очлик ҳам “оқ ўлим” деб таърифланган. Чунки уламолар ихтиёрий равишда қоринни оч тутиш “қалб юзи” оқаришига сабаб бўлади, дейишган. Шу маънода ҳикматли сўзда:

مَنْ مَاتَتْ بِطْنَتُهُ حَيِيَتْ فِطْنَتُهُ

“Очофатлиги ўлганнинг донишлиги яшайди”, – дейилган.  

سِوَى – истисно маъносини англатувчи исм.

 الْمِكْثَارِ – “ўта кўп гапирувчи” маъносини англатувчи сийғаи муболаға.

فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

الإِغْرَاءِ – жор мажрур الْمِكْثَارِ га мутааллиқ.

غَالِي – бадал. غُلُوٌّ масдаридан олинган исми фоил.

 

Матн шарҳи:

Язидга лаънат айтиш жоиз эмаслиги ва унга лаънат айтадиганларнинг далилларини ўрганишдан олдин Язиднинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Язиднинг насаби қуйидагича бўлган: Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. Унинг насаби Умайя ибн Абдушшамсда Усмон розияллоҳу анҳу билан бирлашади. Язид йигирма бешинчи, ё йигирма олтинчи, ё йигирма еттинчи ҳижрий санада туғилган. Отасининг ҳаётлик давридаёқ у валиаҳд этиб тайин қилинган. Отаси Муовия розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг  ҳижрий 60 йилнинг ражаб ойида унинг ўрнини эгаллаган. У отаси Муовия розияллоҳу анҳудан :

مَنْ يُرِدِ الله بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, ҳадисини ривоят қилган.

Тарих китобларида унинг солиҳ киши бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қиладиган хилма-хил ривоятлар келган. Бундай ҳолатларда эса  доимо яхши тарафини олиш ва яхши гумонда бўлиш аълороқ ҳисобланади. Унинг вафот этаётган пайтда айтган сўзи ҳақида қуйидаги ривоят келган: “Абдурраҳмон ибн Абу Мазъур айтади: “Менга аҳли илмлардан бири гапириб берди, Язид ибн Муовиянинг охирги сўзи ушбу бўлган: “Эй Аллоҳим, мен яхши кўрмаган ва мен ирода қилмаган нарса билан мени айбдор қилмагин. Мен билан Убайдуллоҳ ибн Зиёд орасида ўзинг ҳукм қилгин”[2].

Язид ибн Муовия ҳижрий 64 йилнинг рабиул аввал ойида Дамашқда вафот этган.

 

Лаънат айтишнинг хатарли экани

Аслида бировга лаънат айтиш деганда, уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаш маъноси тушунилади. Мўмин киши бошқа бир мўмин биродарини Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши оқибати хатарли бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бир-бирларига лаънат айтишдан қайтарганлар:

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ  قَالَ قَالَ رسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَلاَعَنُوا بِلَعْنَةِ اللهِ  وَلا بِغَضَبِهِ  وَلَا بِالنَّارِ.   رواه أَبُو دَاوُدَ  وَالتِّرْمِذِيُّ

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга  Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, Унинг ғазаби билан ҳам, дўзах билан ҳам лаънат айтманглар”, – дедилар”.  Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: “Бир-бирларингиз билан лаънатлашманглар” деган сўздан “бир-бирларингизнинг исмини айтиб, лаънатламанглар”, маъноси тушунилади. Зеро, лаънат айтиш жоиз бўлган ўринлар ҳам бор:

– Бировни аниқ айтмасдан умумий васф билан, масалан, “кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;

– Алоҳида хос васф билан, масалан, “Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;

– Кофир ҳолида ўлгани аниқ бўлган кимсаларга, масалан, “Фиръавнга, Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин.  

Ушбулардан кўриниб турибдики, мўмин киши бошқа бир мўмин кишини қилган гуноҳи учун лаънатлаши, яъни уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши жоиз эмас. Аммо баъзи тоифалар Язид ибн Муовияга нисбат берилган айрим ишлар сабабли унга лаънат айтишни жоиз санашган. Аҳли сунна вал-жамоанинг ичидаги баъзи аҳли илмлар ҳам айрим далилларни келтиришиб, шу қарашни қувватлашган. Булардан ташқари, авом одамлар орасида ҳам ушбу гаплар тарқалган. Жумҳур уламолар эса уларга қарши кескин раддиялар ёзишган. Шу каби омиллар бу масаланинг ақида китобларига кириб қолишига сабаб бўлган. Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санайдиганлар қуйидаги сабабларни келтирадилар:

  1. Язид золим бўлган, золимларга эса лаънат бўлиши Қуръони каримда келган:

﴿ أَلَا لَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلظَّٰلِمِينَ

“Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)”[3].      

  1. У Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади.
  2. Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига хунрезликлар қилишган, бунга йўл қўйиб бергани учун унга лаънат айтилади. Бунга далил:

عَنِ السَّائِبِ بْنِ خَلاَّدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَخَافَ أَهْلَ الْمَدِينَةِ أَخَافَهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ وَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلاَئِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ لَا يَقْبَلُ اللَّهُ مِنْهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ صَرْفًا وَلَا عَدْلاً.  رَوَاهُ اَحْمَدُ

Соиб ибн Холлад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Мадинада яшовчиларни қўрқитса, албатта буюк Аллоҳ уни қўрқитади, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлади. Аллоҳ қиёмат кунида унинг тавба-тазаррусини ҳам, ростгўйлигини ҳам  инобатга олмайди”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.       

Юқорида келтирилган учта сабабнинг ҳар бирига уламоларимиз батафсил раддиялар билдиришган. Биринчи сабабда кўрсатилган унинг золим бўлганига кўра “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)” маъносидаги оятнинг ҳукмига кириши ҳақидаги даъволарига шундай жавоб берилган: Бу оят умумий маънода бўлиб ким золим бўлса, унга лаънат бўлишини тақозо қилади. Аммо баъзида тавба билан ё қилган гуноҳини ўчирадиган савобли иш билан, ё қилган ишига каффорат бўладиган мусибатга учраш сабабли ё бирор шафоатчининг шафоати билан, энг муҳими меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зотнинг раҳмати туфайли бу ҳукм кўтарилиши ҳам мумкин. Шундай бўлганидан кейин мазкур оятни далил қилиб унга лаънат айтаётганлар, Язид ўша гуноҳидан тавба қилмаганини, Аллоҳга истиғфор айтмаганини қаердан биладилар ёки унинг гуноҳларини ўчирадиган савоблари бўлмаган дея оладилар-ми ёки қилган ишларига каффорат бўладиган мусибатларга учрамаганига гувоҳ бўлмаганлар-ку. Ёки Аллоҳ таоло уни кечириш ё кечирмаслигини аниқ билмайдилар-ку, ваҳоланки, Қуръони каримда шундай хабар берилган:

﴿إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَغۡفِرُ أَن يُشۡرَكَ بِهِۦ وَيَغۡفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَن يَشَآءُۚ

“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа кечирур”[4].   

Шунинг учун агар унга нисбат берилган ишлар аниқ бўлган тақдирда ҳам, Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидаги “агар ҳалол санамаса, гуноҳи кабира мўмин бандани иймондан чиқармайди” ҳукмига кўра у гуноҳкор мўмин бандадир. Гуноҳкор мўмин банданинг кечирилишига шунча эҳтимоллар бўлгандан кейин унга лаънат айтгандан кўра, у тавба қилган дея “ҳусни зон” қилиб, тавбасини меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот қабул қилган бўлса ажаб эмас, дейиш афзалдир. 

Унга лаънат айтадиганларнинг иккинчи далиллари бўлган “у Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади” деган сўзларига ҳам батафсил жавоблар берилган. Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг жавоби жавоблар ичидаги ажойибидир: “Агар Язидга лаънат айтиш жоизми? Чунки у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қатл қилган ёки қатл қилишга амр қилган кишидир дейилса, айтамизки: “Бу асло аниқлиги собит бўлган хабар эмас, шунинг учун унга лаънат айтиш у ёқда турсин, у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўлдирган, ё ўлдиришга амр қилган деб ҳам бўлмайди. Чунки аниқ бўлмасдан туриб, мусулмон кишини гуноҳи кабира қилишда айблаб бўлмайди...”. Агар Ҳусайннинг қотилига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, ё уни қатл этишга буюрганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин деса бўладими? дейилса, айтамизки, “Тўғриси шуки, агар Ҳусайннинг қотили тавба қилмасдан ўлган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин дейиш жоиз бўлади, чунки унинг тавба қилгандан сўнг вафот этган бўлиши эҳтимоли бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни Ваҳший кофир ҳолида қатл қилган эди, сўнгра у куфрдан тавба қилди, қатл гуноҳи кабира, аммо куфр даражасига етмайди, шунга кўра ҳамиша ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтиш жоиз бўлавермайди. Тавба билан қайд этилмаган пайтда ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтишда хатар бордир, сукут қилишда эса хатар йўқ, шунинг учун сукут қилиш авлодир”[5].  

Язидга лаънат айтишни жоиз ҳисоблаганларнинг учинчи далиллари “Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига қанчалар хунрезликлар қилишган, унинг бунга йўл қўйиб берганлиги сабабли унга лаънат айтилади”, деган сўзларидир. Муҳаққиқ уламолар бу даъволарини ҳам  батафсил ўрганиб чиққанлар ҳамда қатъи ва собит йўллардан ривоят қилинмаганини ва бирортаси ҳам қабул қилишга яроқли ривоятлар эмаслигини исботлаганлар. Модомики, унга нисбат берилган ишлар исбот этилмай шубҳа остида қолдими, шубҳали далиллар билан мўмин кишига гуноҳи кабира нисбат берилмайди, – дейишган.

Хулоса қилиб айтганда, Аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳури Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санамаган. Унинг иши ҳақида ҳаддан ташқари гапни кўпайтирадиган  хавориж ва баъзи мўътазилий каби фирқаларгина унга лаънат айтишган.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Муқаллид иймонининг эътиборли экани

 

[1] لَمْ ҳарфи феълни ҳозирги замондан ўтган замонга айлантиргани учун қалб (айлантириш) ҳарфи ҳам деб номланади.

[2] Ибн Касир. Ал-Бидая ван-Ниҳая, 8-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 2235.

[3] Ҳуд сураси, 18-оят.

[4] Нисо сураси, 116-оят.

[5] Абу Ҳомид Ғаззолий. Иҳё улумид-дин, 3-жузи. “Мактабатуш шомила”. –Б 125.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

100 та сирли ибора

08.04.2025   4998   21 min.
100 та сирли ибора

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

(1-қисм)

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z “...Одамларга ширинсўз бўлинг!” (Бақара сураси 2/83 оят).

 

Z “Аллоҳнинг раҳмати сабабли Сиз, эй, Муҳаммад, саҳобаларга мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, гуноҳлари учун кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” (Оли Имрон сураси 3/159 оят).

 

Z “Эй, Мусо! Сиз ўзингиз ва биродарингиз Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у «Мен – худоман», деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса (Тоҳо сураси 20/42-44 оятлар).

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;

¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;

¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);

¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;

¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);   

¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;

¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;

¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);

¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;

¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;

¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” дейди»;

¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;

¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);

¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;

¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;

¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;

¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;

¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;

¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;

¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;

¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;

¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;

¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;

¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 

(1 қисм тугади. Давоми бор...).

 

Иброҳимжон домла Иномов

 

Ибратли ҳикоялар