Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қорақалпоғистонга ташрифнинг учинчи кунида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев билан биргаликда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, у ерда устоз ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларни кўздан кечирдилар.
Шунингдек, меҳмонлар илм даргоҳи ёнида ташкил қилинган «Қуръони карим ва тажвид» курси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўтган йили фойдаланишга топширилган 100 ўринли ётоқхона, 200 ўринга мўлжалланган ошхона ва кутубхонани кўрдилар.
Ташриф давомида Муфтий ҳазратлари билим юрти устозлари ҳамда талабалари иштирокида учрашув ташкил қилиниб, дилдан суҳбатлашилди. Учрашувда муфтий ҳазратнинг араб тилида берган саволларига талабалар ҳам араб тилида жавоб беришди. Нуриддин домла ҳазратлари ўз сўзларида толиби илмларга уларни яна ҳам билим олишга қизиқтириб, келаси йили энг аъло баҳоларга ўқиган 2 талабанинг шартнома пулларини тўлаб беришни айтдилар.
Учрашув якунида муфтий ҳазратлари мана шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган билим юрти билан танишар эканлар, аввало, ушбу неъматларга шукр қилиш лозимлигини, унинг шукри эса ихлос ва иштиёқ билан ўқиш эканини таъкидлади. Келажакда шу даргоҳдан, юртига, халқига, динига хизмат қиладиган буюк боболаримизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишини тилаб, дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.