Кейинги йилларда Давлатимиз Раҳбарининг мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш бўйича янги тизимга асос солганлари ўзининг амалий ва ижобий натижаларини бераётир. Бу йўналишда диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлидаги фаолиятларига ўзгача мазмун, кўтаринки руҳ олиб кириб, бундай ишларни янги босқичга олиб чиқмоқдалар.
Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрдилар. Ҳазрат сафар давомида кенг халқ оммаси билан маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиб, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилмоқдалар.
Бугун ана шундай манфаатли мулоқот Қорақалпоғистон Республикаси Қораузяк тумани «Қораузяк» овул фуқаролари йиғини фаоллари билан бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари аҳоли билан учрашиб, юртимизда бўлаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритиб, буларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш, халқ розилиги учун қилинаётганини қайд этдилар. Шу билан бирга йиғилганларни диний соҳада бўлаётган янгиликлар билан таништириб, аҳолининг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидладилар.
Мулоқот якунида муфтий ҳазратлари жамоат ва юртимиз равнақи учун хайрли дуолар қилдилар.
Ташриф давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.