Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2025   |   16 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:35
Bismillah
11 Июл, 2025, 16 Муҳаррам, 1447

Ҳар бир илмни ривоят қилиш мумкинми?

17.02.2022   1498   8 min.
Ҳар бир илмни ривоят қилиш мумкинми?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқдаги баъзи даъватчилар томонидан мусулмон умматини орасига ихтилоф соладиган, баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган, шу сабабли уммат ўртасида фитна чиқишига “калит” бўладиган мавзулардаги чиқишлар кўпайиб бормоқда. Бу мавзуларнинг баъзилари ақидавий, баъзилари фиқҳий ва яна баъзилари ижтимоий мавзуларда бўлсада, натижаси фақатгина мусулмон умматиниг парчаланишига, заифлашишига, бир-бирига нисбатан тарафкашлик, ҳурматсизлик ва адоватига йўл очиб бермоқда. Уларга бу қилаётган ишининг яхши эмаслиги айтилса, улар ўзларининг ушбу амалларини оқлаш учун:  “Биз фақатгина китобларда келтирилган маълумотларни гапирмоқдамиз. Чунки, илмни яшириш мумкин эмас, агар биз айтмасак, илмни яширганимиз учун Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўламиз”, дея жавоб бермоқдалар. Шу билан биргаликда, долзарб бир масалани кашф этгандай фахр билан халққа мавъиза қилиб, улардан илгари яшаб ўтган олимларимизни илмсизликда ёки илмга хиёнатда айбламоқдалар.

Хўш, аслида ҳам шундайми? Неча минг йиллар илгари яшаб ўтган, умрини ва молини илм йўлида фидо қилган улуғ зотлар, аждодларимиз ростан ҳам ушбу кундаги “шайх”лар билган илмларни, улар айтаётган ҳадисларни  билмаганми? Ёки улар айтганидек илмга хиёнат қилганми?  Агар билган бўлсалар ёки илмга хиёнат қилмаган бўлсалар, нега бу “шайхлар” айтаётган масалаларни оммага ошкор қилмаганлар?

Жавоб шуки, биздан илгари яшаб ўтган олимларимиз хозирги кундаги сохта шайхлар айтаётган масалаларни борлигини, саҳиҳлигини аниқ билганлар. “Шайх”лардан кўра анча илмли бўлганлар. Шу билан биргаликда, фаросат бобида ҳам бир неча баробар устун бўлганлар. Уларнинг илм ва фаросатдаги олийликлари сабаб, мусулмон умматининг ихтилофига, тафриқаси ва фитнасига сабаб бўладиган масалалар фақатгина ўзлари, хос кишилар даврасида муҳокама қилинган. Улар: “Одамларга уларнинг ақллари етадиган ҳадисларни айтинглар. Аллоҳ ва Унинг росулини ёлғонга чиқарилишини истайсизларми?” деган қоидага амал қилганлар. Бу эса асло илмга хиёнат дейилмайди. Аксинча, илм ва фаросат бобидаги устунлик дейилади.

Масалан, Имом Муслимнинг саҳиҳларида келтирилган бир ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Мен Пайғамбар алайҳиссаломдан икки идиш тўла ҳадис ёдладим. Лекин, улардан фақатгина бир идиш ҳадиснигина ривоят қилдим холос. Иккинчи идишни эса очмадим ҳам. Чунки, ушбу идишда ихтилофли ҳадислар бор эди. Агар ушбу идишни очсам, ҳалқумимнинг кесилиб кетишидан қўрқдим”. Яъни, абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек зот ҳам, мусулмонларнинг фитна ва ихтилофига сабаб бўладиган ҳадисларни ривоят қилишдан кўра, ўзлари билан қабрга олиб кетишни афзал билганлар.  Хўш айтингчи, қайси “шайх” у зотни илмга хиёнатда айблай олади?

Иброҳим ибн Абу Умла деган зот айтган экан: “Ким нодир илмларни кўтариб келса, у жуда ҳам кўп ёмонликларни кўтариб келибди”. Яъни, бир юртда  ёки бошқа бир маконда кенг ёйилган илмни бошқа бир маконга, уламолари бошқа, урф одатлари ва қадриятлари бошқа бўлган жойга олиб келиб, уларга тарғиб қилган киши уларга яхшилик эмас, аксинча ёмонликни олиб келган бўлади.  Чунки, улар орасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлади.

Имом Молик айтадилар: “Илмнинг ёмони, ғариб бўлганидир. Яъни, одамлар эшитмаган, билмаган ва ўрганмаган янгиликни олиб келиш энг ёмон илмдир.  Илмнинг яхшиси эса, кишилар ривоят қилиб, улар  орасида зоҳир бўлган илмдир”.

Абдураҳмон ибн Маҳдий айтади: “Ҳеч ким эшитмаган янги нарсаларни ривоят қилиб юрадиган  киши ҳам,   ҳар бир эшитган нарсасини ривоят қилаверадиган  киши ҳам, ёки ҳар бир одамдан эшитган нарсасини ривоят қилаверадиган киши ҳам ҳадис илмида имом бўлолмайди”.

Ушбу  даъватчиларнинг яна бир усули, халқни мазҳабсизлик гирдобига тортиш билан адаштирмоқдалар. Улар ушбу йўлда халқнинг миясини заҳарлашда шундай маккорлик билан иш қилмоқдаларки, “Сен мазҳабга эргашасанми, ёки саҳиҳ ҳадисгами?”, дея фақиҳ уламолар билан муҳаддис уламоларни бир бирига қарши қўймоқдалар. Гўёки, муҳаддис уламолар айтаётган ҳадисларнинг хужжати бор бўлиб, уларнинг сўзлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишлидир. Фиқҳ уламоларинг сўзлари эса ўз раъйларидан келиб чиқиб айтилган гапдир, деган тушунчани сингдирмоқдалар. Ва саҳиҳ ҳадислардан ўз фойдалари учун устамонлик билан фойдаланмоқдалар. Бир нарса десанг, “мана, саҳиҳ ҳадис борку”, дея ҳадисни рўкач қилмоқдалар.  Мана шу жозибадор сўз кўп кишиларни адашишларига, мазҳаб уламоларини камситишга, фақиҳларга нисбатан беҳурматлик қилинишига сабаб бўлмоқда.

Ёки, улардан баъзилари юртимизда Ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган бўлишига, фиқҳий китобларимиз ва ибодатларимизнинг деярли барчаси  Ҳанафий мазҳаби асосида ёзилганига қарамасдан, масжидларда, ибодат ўринларида бошқа мазҳаб амалларини қилиш билан ҳам ихтилоф чиқишига сабабчи бўлмоқдалар. Бу ҳам фақатгина илмсизлик натижаси холос. Гарчи, бу амалларни бажаришда “бу суннат”, деган даъво бўлсада, лекин, унинг муқобилида бошқа бир суннат амал бўлган ўринда ихтилоф чиқмаслиги учун ўша ихтилофли амални тарк қилиш ҳам суннатдир.

Хулоса шуки,  агар ихтилоф чиқадиган бўлса, фиқҳий масалаларда иттифоқ бўлган яхшидир. Фитна,  ихтилоф  чиқадиган пайтда фитнага, ихтилофга сабаб бўладиган амалларни тарк қилиш ҳам суннатдир.

Биз шундай кишиларнинг гапларига учиб, қайси бирига эргашсам экан, дея иккиланиб юрган кишиларга қарата айтамизки, азизлар, саҳиҳ ҳадис деган чиройли истилоҳга алданиб қолмайлик. Чунки, муҳаддис уламолар  санад (ровийлар силсиласи) нинг саҳиҳлигини ўрганадилар, матннинг саҳиҳлигини эса мужтаҳид мазҳаббошилар ўрганади. Бошқа ҳадисларга зид эмасми, насх қилинмаганми, билмасдан туриб амал қилинмайди. Баъзи ихтилофли масалаларда саҳиҳ ҳадис бор деб оммани чалғитаётганлар муҳаддис уламолар наздидаги нарсани фиқҳга киргизишмоқда. Унутмайлик, муҳаддислар ривоятни борлигини, бор бўлса қанчалик ишончли хабарлигини ўрганадилар. Унга амал қилса бўладими, фарз даражасидами, суннатми, мубоҳми, буларни билиш  фақиҳ уламоларни иши.

Саҳис ҳадисларда келган ривоятларнинг ҳаммаси бажариш шарт дегани эмас. Улардан баъзилари фарз бўлса, баъзилари мубоҳ бўлиши мумкин. Ёки унинг муқобилида бошқа бир ҳадис бўлган ривоятни қайсидир жойда ишлатмаслик аълороқ бўлиши ҳам мумкин. Бунда ҳолатга, маконга ва кишиларнинг шароитларига қараб ҳукм чиқарилади. Масалан, Қуръони каримдаги кўп оятлар буйруқ маъносида келган. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам фарз дегани эмас. Баъзи буйруқларга амал қилиш фарз, баъзиларига амал қилиш суннат ва баъзиларига амал қилиш эса мубоҳдир. Уларнинг фарз, суннат ёки мубоҳ амал эканлигини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ҳамда кўрсатмалари орқали билганмиз. Худди шунингдек, саҳис ҳадислардаги ҳукмларни даражасини ҳам фаҳиқ уламоларнинг амаллари, улар чиқарган ҳукмлар орқали биламиз.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳаббоши уламоларимиз ҳадисларни яхши билганлар. Ютимиз уламолари ўз даврларида илм чўққисини забт этган кишилар бўлишган. Агар улар қайсидир амални қилмаган бўлсалар, ёки қайсидир ҳадисни зикр қилмаган бўлсалар, бу фақатгина фаросат ва илм сабабли, мусулмонларнинг бирдамлигига ҳизмат қилган. Турли хил ихтилоф, бўлиниш ва тафриқанинг олдини олишга сабаб бўлган. Шунинг учун, интернет юлдузи бўлиб турган “шайх”ларнинг сохта, жимжимадор “даъват”ларига алданиб қолмасдан аввало илм ўқинг. Ҳаргиз, ўтиб кетган уламолар шаънларига нотўғри гаплар билан туҳматлар қилиб қўйманг. Аллоҳдан қўрқинг. Чунки, мусулмонларнинг иттифоқи уларнинг ихтилофидан яхшидир.

 

ЎМИнинг Тошкент вилояти вакиллиги ходими

Ё. Исломов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

14.03.2025   8290   9 min.
Қуръон ўқувчининг фазилатлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).

Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.

Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.

Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.

Мақолалар